Ҳар қандай кон ҳам бир кун келиб охирига етади. Қозоғистонда яқин келажакда янги конларни очиш, геологик разведка воситасида янги қазилма бойликларини излаб топишга эътибор қаратилмоқда. Ҳукумат геология соҳасини ривожлантиришга оид янги дастурни тасдиқлади. Келгуси беш йил ичида рўёбга чиқариладиган бу ҳужжатга кўра, беш йўналишда иш олиб борилади. Биринчи навбатда, разведка ишлари самарадорлиги орттирилади, минерал хомашё жамғармаси тўлдириб борилади. Соҳани рақамлаштириш ва маълумот жамғаришга эътибор қаратилади. Мутахассис етишмаслиги, инфратузилма муаммоси ҳал этилади. Ер ости бойликларидан фойдаланиш тартиби соддалаштирилади, барча жараён автоматлашади. Яъни геологик разведка ва соҳага инвестиция киритиш осонлашади. Жорий йилнинг тўққиз ойида ер қаъридаги бойликларни ўрганиш учун киритилган сармоя ҳажми 6 триллион тенгега яқинлашди. Шундан 119 ярим миллиарди геология учун сарфланди.
АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:
- Инвесторларга сифатли сервис кўрсатиш мақсадида геология хизмати ташкил қилинди. KAZNEDRA маълумотлар майдончаси пилот тартибида ишлаяпти. Ер ости бойликларидан фойдаланиш масаласи меъёрий-ҳуқуқий базаси тўла ўзгартирилди. Геологик маълумотлардан барча фойдаланиши мумкин. Янги конлар очган компаниялар уни ўзлаштира олиши учун тегишли ҳуқуқий имкониятлар кенгайтирилди. Лицензия бериш муддати, конларни ўзлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш вақти кескин қисқарди. Бугун муҳокама қилинаётган дастур ер ости бойликлари давлат геологик тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси