Таълим, фан,
маданият соҳаларида қўшма дастурларни кенгайтириш, икки томонлама тадқиқотлар
ўтказиш, креатив ва IT-лойиҳаларни рўёбга чиқариш. Астанада бўлиб ўтган биринчи
Қозоқ-ўзбек илмий-ижодий зиёлилари форумида экспертлар, олимлар ва ёзувчилар шу
ҳақда гапиришди. Анжуманда Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев
ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди. Томонлар
маданий-гуманитар ҳамкорлик, халқ дипломатиясини ривожлантириш, анъаналарни
сақлаб қолиш билан боғлиқ долзарб масалаларда фикр алмашди.
Маулен Ашимбаев,
Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:
- Маданият, санъат,
таълим – бу робиталарни ҳеч бир сиёсий шамол вайрон қила олмайди. Улар умумий
тарих, бир-биримизга бўлган ҳурмат ва самимий қизиқиш туфайли ҳамиша барҳаёт. Илмий
ва ижодий доираларнинг бугунги учрашуви ғоялар, фикрлар, режаларни баҳам кўриш
майдончасига айланади, бир-биримизни тинглаймиз, умумий келажак сари яна бир
қадам ташлаймиз, деб ишонаман.
Танзила Норбоева,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси:
- Университетлар, фан
академиялари, музейлар, ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик тажрибасига эгамиз.
Археологик экспедициялардан тортиб, қўшма кўргазмалар, меросимиз билан боғлиқ
рақамли лойиҳаларгача улкан салоҳият бор.
Ўзбекистон Сенати
раиси мамлакатимиз Президенти қошидаги Аёллар ва оила-демография сиёсати бўйича
миллий комиссия аъзолари билан учрашди. Томонлар гендер тенглиги, бутун
Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланиши учун аёлларнинг иқтисодий
имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни муҳокама қилди. Шунингдек,
қўшма ташаббуслар ишлаб чиқилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

