Астанада биринчи биоарт кўргазма очилди

Астанада биринчи биоарт кўргазма очилди

Санъат ва фан коллаборацияси. Астанада Марказий Осиёдаги биринчи БиоАрт кўргазма очилди. У Назарбаев Университет талабаларининг IGEM клуби томонидан «KULANSHI» замонавий санъат маркази ёрдамида очилди. Ноёб экспозиция экология, биология ва одамларнинг хилма-хиллигига бағишланган.

Бундай ўзига хос, кўпчилик учун ғайритабиий каби туюладиган мавзудаги кўргазмани очиш ғоясини Назарбаев Университет талабалари анчадан буён муҳокама қилаётганди. Унинг мақсади санъат орқали инсониятга биологик дунёнинг нақадар хилма-хил эканлигини намойиш этишдан иборат. Буни ҳамма ҳам билавермайди. Масалан, Анель Умирбаеванинг ишида кўриш қобилияти бузилган болалар учун тактил 3Д-моделлар ёрдамида ўсимлик ва ҳайвон ҳужайралари шакли тақдим этилган. Муаллиф таъкидлашича, улар жонли организмнинг жонли табиат билан биргалигини намойиш қилади.

Анель Умирбаева, Кўргазма Раҳбари, Назарбаев университет биология факультети талабаси:

- Бу ерда менинг кўплаб ишларимни, Назарбаев Университет лабораторияларида олинган фотографияларни кўра оласиз. Кўргазма кўзи ожизларга мослаштирилган. Брайль шрифтини кўрасиз. Яъни, ҳамма нарса уч тилда тавсифланган. Аудиодескрипция қилинган. Кўргазмага келган ҳар бир одам, ҳеч бир чекловларсиз йўлини топа олиши учун имконият яратилган. Биосанъат ва биодизайн – Ғарб давлатларида ҳам оммалашган.

Талабалар ўз ишларида инсон ДНКси ўзига хослигини, гўзаллигини ҳам кўрсатиб беришга ҳаракат қилди. Турли тирик организмлар, бактериялар, ҳайвон ва ўсимлик ҳужайралари тасвирларини тақдим этди. Ҳар бир муаллиф экспонат ва фотокартиналарда инсоният муаммоларини акс эттиришга интилди.

Лейла Махат, Замонавий санъат маркази кураторлик кенгаши раиси:

- Кўп қатламли, тушуниш мураккаб бўлган ушбу кўргазмада инсон тараққиёти муаммолари, экология муамолари жой олган. Талабалар кўтарган масалалар қаторида “Қизил китоб”га киритилган жондорларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам бор. Экспонатлар жуда ўзига хос. Одатдагидан катта фарқ қилади, чунки шиллиққурт, чумоли ҳам картиналар яратади, 1000 марта катталаштирилган инсон ҳужайрасини кўра оламиз. Яъни, ҳам қизиқарли, ҳам чиройли.

Кўргазма икки ҳафта давом этади. Ташкилотчилар таъкидлашича, пробиркалардаги тирик организмлардан иборат бўлган экспонатларнинг бир қисми узоқ вақт сақланиши қийин. Биоарт санъатини кўришни истаган мухлислар шошилиши зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси