Қозоғистон пойтахтида бир вақтнинг 30 тадан зиёд янги йил арчаси чироқлари ёқилди. Астананинг барча туманларида байрам тантаналари бошланди. Уларда мегаполис аҳли ва меҳмонларининг 15 минг нафардан зиёд вакили иштирок этди. Жорий йилда энг баланд – 25 метрли арчалар «Қозоқ Эли» монументи қошидаги майдончада ва «Астана Арена» стадионида ўрнатилди. Арча чироқларини ёқиш маросими концерт ва ярмаркага уланди. Янги йил байрамининг асосий безаги 2 минг 500 та қизил-сариқ ўйинчоқлар, маржон чироқлар, декоратив элементларга бурканди. Унинг қир учида эса икки метрли қор заррачаси ўрнатилган. Барча локацияларда кўплаб қишки эрмаклар, ўйинлар ташкил этиляпти. Ташриф буюрувчилар учун муз майдончада учиш, эртаклар қаҳрамонлари ҳайкалчаларини томоша қилиш, суратга тушиш, вақтичоғлик қилиш имконияти яратилди. Астана ҳокимлиги ҳар бир меҳмонга байрамона кайфият ваъда қиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

