Астанада барча даражадаги маслиҳатлар депутатларининг ІІІ республика форуми бўлиб ўтди. Пойтахтда мамлакат минтақаларидан 2 мингдан ортиқ вакил жам бўлди. Тадбирда Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирок этди. Қозоғистон Президенти таъкидлаганидек, ҳукумат вакиллик органларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Маслихатлар юртимиздаги асосий институтлардан бирига айланган, аммо фаолиятни давом эттириш зарур, дея уқтирди Давлат раҳбари. Масалан, минтақалар ўз бюджетини диққат билан режалаштириш, даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Бунинг учун, Президент фикрича, ҳокимликлар қошидаги бюджет комиссиялари таркибига маслихатлар депутатлари киритилиши даркор.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жорий йилдан бошлаб, қишлоқ округлари бюджети қўшимча даромад
манбаига эга бўлади, бу кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазаб олиш учун
солиқ, ерости сувлари ва шифобахш балчиқлардан фойдаланиш бўлиши мумкин. Бу
ҳаётий мантиқ: даромад қаерда топилган бўлса. ўша ҳудуд ривожига сарфланиши
керак. Бир сўз билан айтганда, вилоятлар кўпроқ захирага эга бўлади,
маслихатлар иши эса – уларнинг қўлланиши устидан назорат олиб борилишини
таъминлаш.
Президент, шунингдек, якшанбада бўлиб ўтадиган референдумга ҳам
тўхталиб ўтди. Унда кўриб чиқиладиган Конституция лойиҳасида янги бир палатали
Парламент депутатлари мутаносиблик тамойили бўйича сайланиши кўзда тутилган. Ва
бунда, таъкидлади давлат раҳбари, маслихатлар бўлажак профессионал Қурултой
учун кадрлар тайёрловчи устахонага айланмоғи лозим. Бу сиёсий партиялар ролини
кучайтиради ва қонун ижодкорлиги ишини янада юксак даражага олиб чиқади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро аҳволга ҳам тўхталиб ўтди, дунё турбулентлик
даврига қадам қўйганига урғу берди, геосиёсий зиддиятлар кучайган паллада савдо
урушлари ҳам ортади. Аммо Қозоғистон нафақат ривожланишда барқарор ўсишни
сақлаб турибди, балки тараққиётнинг миллий стратегиясини изчиллик билан амалга
оширмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Янги давр бошланди, биз илғор миллат сифатида замонавий чорловларга
моҳирона мослашмоғимиз, бунёдкорлик салоҳиятимизни унга қарши қўя билишимиз
керак. Мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказишдан мақсад битта – давлатимиз
Мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини
таъминлаш, халқ турмуш даражасини яхшилаш.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Янги Конституция матнини тайёрлашда бевосита
иштирок этди, унинг ҳар боби, ҳар моддасига эътибор қаратди. Президент
уқтиришича, инсон ҳуқуқ-эркинликларига бағишланган бўлим энг ҳажмдор бўлиб, ундан 30 та модда жой олган. Бу
Асосий қонуннинг деярли учдан бири. Яна бир аниқ белгиланган янги меъёр
Ҳокимиятнинг ягона манбаи ва суверенитет эгаси Қозоғистон халқи ҳисобланиши
ҳақида. 15 март куни ҳар бир қозоғистонлик тарихий вочеада иштирок этиши
мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Якшанба куни халқимиз ўз танловини амалга оширади. Шубҳасиз, мазкур
референдум Қозоғистон тарихида алоҳида ўрин тутади. Фуқаролар Асосий қонун
лойиҳасини қўллаб-қувватлаган тақдирда, мамлакатимизда мутлақо янги, узоқ
муддатли барқарор ривожланишни таъминловчи нисбатан самарали сиёсий тизим барпо
этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

