Қозоғистон, Туркия,
Япония, Венгрия, Германия, Покистон, Испания ва Россиянинг энг яхши
санъаткорлари Астанада жам бўлди. «Alem Saz» фестивали доирасида, бир ҳафта
мобайнида улар пойтахт аҳли ва меҳмонлари эътиборига ҳақиқий халқаро мусиқий
байрамни тақдим этади. Фестиваль маънавий мерос дурдоналарини оммалаштиришга,
турли миллий маданиятларни бирлаштиришга қаратилган. Жорий йилда у иккинчи
маротаба ташкил этилмоқда. Ўтган йили фестиваль Қозоғистон ва 76 та давлат
ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланганди. Тадбир
дастури турли-туман. Концертлар, мусиқий коллаборациялар, мастер-класслар ва кино
намойишлари 3 октябрга қадар давом этади. Фестивални испан мусиқачилари - пианиночи
Хито Малета ва гитарачи Амос Лора дуэти очиб берди. Дарвоқе, улар бу ерда илк
марта бўлиши эмас. Ҳар иккала ижрочи миллий маданият, таомлар билан танишиб
улгурган, эндиликда қозоғистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликнинг янги
йўлларини топиш истагида.
Амос Лора, гитарачи (Испания):
- Биз жаз, латино
элементларига эга фламенко асарларидан иборат дастур билан келганмиз. Бу ўз
асарларимиздан ташкил топган микс, биз ушбу фестивалда иштирок этишдан жуда мамнунмиз,
кўркам зал, ажойиб шаҳар. Меъморчилик мени ҳайратга солди, бу шаҳарда услублар
аралаш, бу қадар илиқ қабул мен учун жуда ёқимли бўлди. Қозоқ дўмбираси
товушлари менга жуда ёқади, Қозоғистондаги миллий чолғу асбоблари билан яқиндан
танишишни истардим.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.