Астанада 2-саноат парки қурилиши бошланди

Астанада жорий йилда 2-саноат парки қурилиши бошланади. Ҳозир лойиҳа ишлари амалга ошириляпти, объект 3-4 йил ичида фойдаланишга топширилади. Ҳокимлик берган маълумотга кўра, саноат парки пойтахт махсус иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашади, унинг майдони 400 гектарни ташкил қилади. Унда жами 500 миллиард тенге сармоя киритиладиган 150 лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Келажакда яна битта инфратузилмавий майдонча – логистика парки очилади. Янги иншоот қурилиши 2025 йилда бошланади. 

Халел Акимжанов, Астана шаҳри инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси раҳбари: 

- Унда ҳам 100 тача лойиҳа рўёбга чиқарилади, 150-200 миллиард тенге инвестиция жалб этилади. Бу йирик инфратузилмавий майдончаларни бирлаштириш товар ишлаб чиқариш, логистика, экспорт ва юк ташиш жараёнларини мақсадга мос ва кам харажатли шаклда амалга ошириш имконини беради. 

Қозоғистон  2029 йилгача 150 миллиард доллар сармоя жалб этади

Таъкидлаш лозимки, Астана инвестициявий турли лойиҳаларга хорижий капитал жалб этиш бўйича республикада пешқадам. Жорий йилда инвесторларга ҳамроҳлик қилиши учун махсус Миллий рақамли майдонча ташкил этилди. У умумий қиймати 32 триллион тенге бўлган 700 тача лойиҳани ўз ичига олади. Умуман олганда, Қозоғистон келгуси беш йил ичида инвестициялар жалб этиш бўйича асосий минтақавий марказга айланишни стратегик мақсад қилган. 

Ғабидулла Ўспанқулов, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар қўмитаси раиси:

- Янги инвестициявий циклда биз 2029 йилгача 150 миллиард доллар сармоя жалб этишимиз керак. Тегишлича, ҳар йили 25-27 миллиард доллар келиши зарур. Янги циклни кўнгилдагидай шакллантириш учун жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқдик. Маҳсулот чиқариш ташкил қилиш учун инфратузилмалар керак. Президент топшириғига кўра, Ҳукумат 2029 йилгача мўлжалланган Миллий инфратузилмалар режасини қабул қилди. Унда 200 дан зиёд йирик инфратузилмавий лойиҳалар рўёбга чиқариш мўлжалланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.