400 миллион доллар. Икки томонлама бизнес-форум якунига кўра Қозоғистон ва Корея тадбиркорлари имзолаган шартномалар умумий қиймати шунча. Тадбирга 500 нафардан зиёд тадбиркор ва 50 тадан кўпроқ корейс компанияси вакиллари келди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўрсатиб ўтди. Ер ости бойликларидан фойдаланиш, саноат соҳасидан ташқари ўта муҳим хомашё қазиб олиш ва қайта ишлаш, «яшил энергетика» соҳаларида бирга ишлаш кўзланяпти. Мамлакатда агросаноат мажмуаси такомиллаштирилади, бу эса бизнес учун катта имкониятлар очади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бугунги музокаралар давомида Корея Республикаси Президенти Қозоғистонга «ақлли қишлоқ хўжалик фермалари» технологияларини тақдим этиш таклифини берди. Менимча, бу жуда яхши таклиф ва биз мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш устида ишлаймиз. Биз Жанубий Кореянинг сунъий интеллект, робототехника ва биотехнологияларга асосланган инновациявий агротехнологияларидан фойдаланишдан манфаатдормиз. Айниқса, юқори самарали «ақлли иссиқхона»ларга қизиқиш катта.
Жанубий Кореядаги ҳамкорлари билан Қозоғистон сунъий интеллект технологиялари, замонавий маълумотлар базалари, киберхавфсизлик юзасидан ҳам кооперацияни ривожлантириши мумкин. Тиббиёт ва биотехнологиялар соҳаларида ҳам катта имкониятлар бор.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Pfizer, Roche, GE Healthcare ва Philips каби жаҳон ўйинчилари мамлакатимиз ҳудудида дори-дармонлар ва тиббий ускуналарни локаллаштириш ниятида. Жанубий Кореянинг GL Rapha компанияси ҳам яқин келажакда Алматида бозорларимиз учун юксак стандартлар тақдим этувчи биофармацевтика заводи қуришини кутяпмиз. Мамлакатда Жанубий Кореянинг ташхис марказлари, кўп соҳали лабораториялари очилиши истиқболини кўряпман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.