Қозоғистон пойтахтида очиқ осмон остидаги янги музей қурилади. Вақт капсуласи Астана яқинида жойлашган кўҳна Бўзоқ шаҳри ҳудудига кўмилди. Лойиҳага кўра, бу ерда миллий парк барпо этилади, республика муқаддас жойлари рўйхатига кирувчи қадимий шаҳардаги саноат кварталлари ва мақбаралар тикланади.
Қадимий турк манзилгоҳини илк маротаба чорак асрча вақт илгари археолог Кемал Акишев топган. Ушбу кашфиёт шарофати билан пойтахт тарихи маълум бўлганидан бир аср олдин бошлангани ойдинлашди, қазув ишлари олимларга дашт тамаддунига доир бой материалларни тақдим этди.
Марал Хабдулина, Л.Н. Гумилёв номидаги еому есиль археологик экспедицияси бошлиғи:
- Маданий қатламлар орасидан қачонлардир Қозоғистоннинг марказий қисмида мавжуд бўлган 4 та давлатчилик тузуми қолдиқларини топдик. Бир қисми қадимги турк ҳоқонлиги даврига мансуб, иккинчиси – қипчоқ хонлиги, учинчиси – мўғуллар даври, Жўжи улуси. Тўртинчиси – қозоқ хонлиги замонига доир маданий қатлам, қароргоҳлар барпо этилиши.
Миллий парк 400 гектар майдонда барпо этилади. Мажмуа қурилиши бир неча босқичда амалга оширилади. Биринчидан, у бутунлай ўраб олинади ва ўрта асрлар услубидаги кириш дарвозасига эга бўлади. Келгуси йили сайёҳлик маркази очилади ва Бўзоқ шаҳарчаси реконструкция қилинади.
Еркин Абил, давлат тарихи институти директори:
– Мазкур мажмуа ҳамда миллий парк туфайли қозоғистонликлар дашт тамаддунининг олти минг йиллик тарихи билан яқиндан танишиши мумкин. Иккинчидан, Астанага келган меҳмонлар кўҳна Бўзоқ шаҳри ҳақида билиш имконига эга бўлади. Қозоқ жамияти буюк дашт тамаддунининг бевосита меросхўри эканлигини кўрсатиш учун эса бу ерда улкан музей мажмуаси қурилади. У ўтмишимизни акс эттиради, Бўтай маданиятидан бошлаб, замонавий қозоқ жамиятига қадар.
Реконструкция учун 7 миллиард тенге миқдорида маблағ ажратилган. Олимлар айтишича, кўҳна Бўзоқ шаҳридаги қатор артефактларга илгари қўл урилмаган. Археологлар мажмуани синчиклаб ўрганмоқда ва унинг сирларини очишда давом этади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси