Астана шаҳрида маъмурий
адлия ва унинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролига бағишланган халқаро
форум бўлиб ўтди. Анжуманда Қозоғистон Президенти иштирок этди. Давлат раҳбари барқарор тараққиёт
учун халқ ва ҳокимият ўртасидаги ишонч мустаҳкамланиши муҳимлигини таъкидлади. Ижтимоий
тотувликка фақат барқарор меҳнат орқали эришилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда
«Тингловчи давлат» концепциясига мувофиқ иш давом этаётганини эслатди. У очиқ мулоқот, фуқароларнинг сўровларига
эътибор ва аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб беришга асосланган. Бунда ҳокимиятнинг барча
вакиллари, шу жумладан, вазирлар,
ҳокимлар ва депутатлар фаол иштирок этиши керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туб ҳуқуқий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга
оширилмоқда. Биз тараққийпарвар миллат сифатида «Қонун
ва тартиб» тамойилини миллий ўзлигимизнинг ажралмас
қисмига айлантиришимиз керак. Фуқароларга, айниқса, ёшларга қонунга ҳурмат, қонунларга итоат
зарурлигини содда тилда тушунтириш зарур. Қонунийлик ва тартиб-интизомга риоя
этиш фуқароларнинг юқори турмуш сифатини таъминлаш шартларидан. Бу асосий
тамойил умумхалқ референдумида қабул қилинган Янги Конституциямизда ҳам ўз
ифодасини топган.
Маъмурий
адлия тизимининг роли янада мустаҳкамланмоқда, деди Давлат раҳбари. Маъмурий
ишлар бўйича суд амалиёти аслида давлат девони
фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичига айланди. Шу билан бирга, у
фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ортиб бораётганини акс эттиради. Шу
боис янги Конституцияда маъмурий адлия суд ишларини юритишнинг мустақил шакли
сифатида мустаҳкамланиши ўта муҳим, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Кун тартибида - суд шикоятининг реактив моделидан судга оид эҳтимолларни стратегик бошқаришга ўтиш масаласи турибди. Ҳукумат томонидан тегишли қоидалар ишлаб чиқилди. Энди марказий ва маҳаллий даражадаги маъмурий ҳужжатлар ва тартиб-таомилларнинг бир хиллигини таъминлаш керак. Илгари шикоятлар ва мурожаатлар келиб тушган айни бир масала такрор суд низолари мавзуси бўлмаслиги керак. Маъмурий амалиёт изчиллиги ва барқарорлигини таъминлаш зарур.
Бундан
ташқари, давлат раҳбари суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мамлакатдаги иқтисодий ўзгариши билан уйғунликда давом этаётганини таъкидлади. Қулай,
шу жумладан, инвестициявий
низоларни ҳал қилиш учун қулай ҳуқуқий
муҳит тадбиркорлар фаоллигини рағбатлантиради. Президент
таъкидлашича, ҳозир инвестициявий
низолар бўйича қарорларнинг 80 фоизи инвесторлар фойдасига чиқяпти. У
Қозоғистонда бизнесни ҳимоя қилишнинг махсус механизмлари, Инвестиция штаби,
Бош прокуратура қошидаги Инвесторлар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, шунингдек, Англия ҳуқуқи меъёрлари бўйича ишлайдиган Суд ва АХММ Халқаро
арбитраж маркази мавжудлигини эслатди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Қозоғистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича
минтақада пешқадам, лекин бу
йўналишдаги ишларни давом эттириш зарур.
Шунингдек, Президент миллий қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга салмоқли ҳисса
қўшган қозоғистонликларга давлат мукофотлари топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

