Астана саноат паркида 336 миллиард тенге қийматга эга лойиҳалар рўёбга чиқариляпти

Астана саноат паркида 336 миллиард тенге қийматга эга лойиҳалар рўёбга чиқариляпти

Қозоғистон пойтахтидаги «Астана – янги шаҳар» иқтисодий зонасидаги биринчи саноат паркида умумий қиймати 336 миллиард тенге бўлган 140 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Ушбу ҳудудда 82 та корхона иш бошлади, 58 таси эса рўёбга чиқариляпти. Улар йил охиригача фаолиятини бошлайди.

Алмат Алимбай, «Astana Invest» Иқтисодий зоналарни бошқариш департаменти директори:

– Саноат парки ҳудудида бир қанча йирик заводлар жойлашган. Улар ўз маҳсулотини бир неча устувор йўналишларда экспорт қилади. Асосан, МДҲ мамлакатларига юборилади. Инвестиция жалб этиш «ягона дарча» тамойилига кўра амалга оширилади. Яъни, инвесторларга тўла ҳамроҳлик қилинади. Улар учун енгилликлар ва преференциялар кўзда тутилган. Астанага Туркия, Россия, ХХРдан инвестициялар келяпти.

Паркда 5 йилдан буён модул қурилиши заводи ишлаб турибди. Корхона барча коммуникациялар билан таъминланган тайёр хоналар ишлаб чиқаради. Компанияда маълум қилинишича, бу технология қурилиш муддати ва таннархини анча камайтиради. Астанада шу тарзда бир неча ўнта уй-жой мажмуаси бунёд этилди.

Валерий Зорин, завод директори:

– Бугунги кунда корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 120 минг квадрат метрга тенг. Сўнгги уч йил давомида ишаб чиқариш самарадорлиги уч марта ортди. Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи техник назорат бўлими кўригидан ўтади. Биз ишлатадиган материалларнинг 60 фоизидан кўпроқ қисми Қозоғистон хомашёси ва маҳсулоти.

Саноат парки ҳудудида замонавий сэндвич-панеллар, металл конструкциялари, мебель, тиббий ускуналар ишлаб чиқарилади. Ҳозир иккинчи паркни ишга тушириш масаласи кўриляпти. Унда инвесторларни жалб қилган ҳолда 500 миллиард тенге қийматга эга 100 тадан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилади. Таъкидлаш лозимки, Астана киритилган сармоя миқдори бўйича мамлакатда пешқадам. Жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 40 фоизга ортди ва 1,7 триллион тенгени ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси