«Астана Опера» жамоаси илк бор Тбилисида

«Астана Опера» жамоаси илк бор Тбилисида

«Астана Опера» Тбилисини забт этди. Қозоғистонлик санъат усталари илк маротаба Шота Руставели номидаги Миллий давлат академик театри саҳнасида чиқиш қилди. Абзал Мухитдин муаллифлигида тузилган дастурдан юртимиз ижодкорларининг асарлари билан бирга жаҳон мусиқий дурдоналари ҳам жой олган. Оқшом меҳмонларида айниқса ранго-ранг қозоқ куйлари ва «Қурмет» ордени совриндори, дирижёр Руслан Баймурзин ижро этган дўмбира садолари алоҳида таассурот уйғотди. Шу билан бирга, «Биржан-Сара» операси, “Дашт афсонаси” сюитасидан «Қиз қувиш» симфоник скерцоси, Абайнинг «Айтдим салом, Қаламқош» ва Сидиқ Мухамеджановнинг «Айсулу» операсидан Серке каватинаси янгради. Миллий мусиқа билан бир қаторда «Астана Опера» жамоаси грузин томошабини эътиборига машҳур, ҳаммага бирдек севимли бўлган Жакомо Пуччини, Жоаккино Россини, Жак Оффенбах ва бошқалар яратган опералардан ария ҳамда дуэтларни тақдим этди. Таъкидлаш керак, санъат гастроллари Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Қозоғистоннинг Грузиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.