Муваффақият ва ўзликни намоён этиш сирлари. Пойтахтда «Бўлашақ» президент стипендиясининг 30 нафар соҳибаси ўз тажриба ва муваффақиятлари билан ўртоқлашди. Мустақилликнинг 30 йиллиги ва Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирда иштирокчилар иқтисодиётнинг устувор йўналишлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва фан соҳасида хорижнинг илғор тажрибаларини қандай жорий этганликлари хусусида сўзлаб беришди. «Бўлашақ» халқаро стипендияси Биринчи Президент томонидан 1993 йилда жорий этилган. 27 йил давомида ушбу дастур орқали 11 минг мутахассис тайёрланди, уларнинг ярмини аёллар ташкил қилади.
Айнур Қарбўзова, «Халқаро дастурлар маркази» ҲЖ президенти:
- Дастур қозоғистонликлар томонидан илғор билим-технологиялар ўзлаштирилиши, ватанга қайтиб, улардан фойдаланиш борасида ажойиб ижтимоий лифт сифатида аҳамиятлилигини исботлай олди. Биз мазкур тадбир ўз мақсадига эришади, бугунги анжуман иштирокчилари илҳомланади, уларнинг ҳаммаси 2021 йил давомида халқаро дастурлар марказида бўладиган қабул ва саралашда иштирок этади, деб ишонамиз.
Гулзада Шакуликова 10 йил муқаддам «Бўлашақ» дастури бўйича таълимни тугатган. Илмий стажировкани Буюк Британияда ўтказган. Ҳозир у Атирау Нефть ва газ университетига раҳбарлик қилмоқда.
Гулзада Шакуликова, «Бўлашақ» дастури битирувчиси, Сафи Утебаев номли Атирау нефть ва газ университети бошқарув раиси – ректори:
- Аёл хонадон бекаси, она сифатида умри давомида ўз-ўзини ривожлантиришга, такомиллашишга интилиши керак. Шунинг учун ҳеч қачон таълим олиш имкониятларини эътибордан четда қолдирмайди. Ўз амалиётимга кўра мен кўплаб лойиҳалар, илмий ва бошқа танловларда одатда кўпроқ аёллар иштирок этишини биламан. Комиссияда уч фарзанди бор аёл таълим олишга бел боғлаши, профессорлардан билим олиши нақадар муҳимлиги ҳақида сўралди. Мен эса аёл ҳамиша янгиликка интилиб яшаши зарур, чунки у қозоғистонликларнинг янги авлодини тарбиялайди, деб жавоб бердим.
Абдумалик Сарманов таржимаси