Хорижда қозоқ тилшунослиги ва адабиётшунослиги асосчиси Ахмет Байтурсиновнинг 150 йиллик юбилейи нишонланмоқда. Тадбирлардан бири ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида ташкил қилинди. Тўпланган қозоқ маданияти арбоблари, мамлакатимиз ва хорижлик тадқиқотчилар, олимлар таъкидлагани каби, "Алаш" партияси асосчиларидан бири бўлган бу шахс Қозоғистон ва дунё тарихида ўз ўрнига эга.
Синь Цюй, Юнеско Бош Директори Ўринбосари:
- ЮНЕСКО Қозоғистонга ва Ахмет Байтурсинов шахсига катта эътибор билан қарайди. У қозоқ тили ва маданияти рамзларидан бири эканлигини яхши тушунаман. Қилган меҳнатлари, бугунги кунда жаҳонга танилган қозоқ цивилизацияси, тили ва маданияти учун ундан миннатдормиз.
Анар Фазилжан, Ахмет Байтурсинов номли тилшунослик институти директори:
- Байтурсинов қозоқ болалари қисқа муддатда ўқиш, ёзишни ўргана оладиган алифбо яратди. Бу алифбо туфайли аҳолининг билим даражаси ортди. У даврларни тасаввур қилинг. Интернет ҳам, технологиялар ҳам йўқ эди. Инсоният тарихида саводхонлик даражаси бу қадар жадал ўсиши кузатилмаган.
Олимлар ЮНЕСКО доирасида Ахмет Байтурсин ўғлининг юбилейи нишонланишини турк дунёси учун муҳим сана, деб ҳисоблайди. «Алаш» мероси турли давлатларда ўрганилмоқда. Мутафаккир асарлари инглиз тилида чоп этилгани эса туркшунослар учун яхши янгилик бўлди.
Хулия Касапўглу Ченгел, Ҳожи байрам вели университети профессори /Анқара шаҳри/:
- Турк халқлари, Туркия, турк дунёси учун биринчи навбатдаги вазифа – «Алаш» етакчилари, аслзодаларининг асарларини барча турк тилларига, француз, инглиз тилига таржима қилишдан иборат. Мағжан айтгани каби, мен ёшларга ишонаман. У ёшларни қозоқ тили, қозоқ адабиёти, «Алаш» етакчилари ишлари билан таништиришни истаган. Бурчимизни бажаришимиз керак.
Ахмет Байтурсин ўғли ижоди орадан юз йиллар ўтса ҳам долзарблигини йўқотмади. У маданияти юксак халққина яшаб қолиш имкониятларига эгалигини таъкидлаган. Бугунги кунда ЮНЕСКО кўзда тутган қадриятларни оммалаштирган.
Абдумалик Сарманов таржимаси