Астана яна бир марта халқаро таълим маркази эканлигини намойиш этди. Қозоғистон пойтахтида Европа, Осиё ва Шимолий Американинг 13 давлатидаги етакчи олий ўқув юртларидан келган талабалар жам бўлди. Германия, Канада, Хитой, Руминия, Шри-Ланка ва бошқа давлатлар вакиллари иккинчи International Legathon MaxUP халқаро ҳуқуқшунослик кейс-чемпионатида қатнашди. Икки кун давомида ёшлар келажак ҳуқуқ тизими, рақамлаштириш, ҳуқуқшуносликда сунъий идрокдан фойдаланиш имкониятларини ўрганди. Улар янги технологияларнинг қонунчилик тизими, этика тамойиллари ва инсон ҳуқуқларига таъсири, бўлажак рақамли таҳдидлар бўйича энг яхши ечимларни моделлаштирди. Анжуманнинг биринчи босқичи «Астана» халқаро молиявий марказининг Халқаро судида бўлиб ўтди.
Сергей Пен, MNU бошқаруви раисининг фан, инновация ва сунъий идрок бўйича ўринбосари:
- Асосий мақсад – дунёнинг ҳар қандай давлатидаги одамлар яқин келажакда дуч келиши мумкин бўлган, сунъий идрок билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун пойдевор яратиш. Президентимиз айни шу масалага эътибор қаратган, янги қоидалар ишлаб чиқиш кераклигини айтганди. Ечимлар қонунларда кўрсатилади.
Парвиз Ҳасанов, Боку Даавлат университети ўқитувчиси, Phd, Озарбайжон:
- Менимча, бундай танловлар айни вақтда ўзаро алоқалар ўрнатиш, бирлашиш учун замин ҳозирлайди. Фанда ҳамкорлик жуда муҳим. Дунёда тараққиёт жадаллашиб кетди. Ҳозирда сунъий идрок энг устувор йўналишлардан бирига айланган. Қозоғистонда сунъий идрок йили эълон қилинди, бу жуда муҳим. Менимча, илм-фан дунёни қутқаради.
Иштирокчилар танловга бир неча йил давомида тайёрланган. Улар ҳуқуқий инновацияларни ишлаб чиқиш учун турли давлатлар тажрибасига таянади. Ўзбекистонлик талабалар мамлакатимиз тажрибасини асос сифатида олди. Улар Қозоғистонда рақамлаштириш фаол ривожланаётганини таъкидлади.
Диёрбек Давронов,
Тошкент давлат ҳуқуқшунослик университети талабаси, Ўзбекистон:
– Қозоғистон суд тизими мен учун жуда қизиқарли. Сизда суд мажлислари онлайн ўтказилиши йўлга қўйилган. Ушбу тажриба мен учун муҳим. Ўзбекистонда бу йўналиш Қозоғистондагидан фарқ қилади. Ўз мактубимизда Қозоғистон тажрибасини Ўзбекистон қонунчилигига киритишни таклиф этдик.
Беллашувлар якунига кўра, ал-Форобий номли Қозоғистон миллий университети, Maqsut Narikbayev University, шунингдек, Россиянинг Урал давлат ҳуқуқшунослик университети пешқадам бўлди. Руминия ва Канада талабалари яхши кўрсаткичлар намойиш этди. Малайзия жамоаси беллашувда мутлақ ғолиб деб тан олинди. Ташкилотчилар таъкидлашича, энг яхши лойиҳалар янги ҳуқуқий ечимлар учун асос бўлиши кутилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси

