Замонавий инфратузилмалар, нетворкинг, солиқ имтиёзлари, пиар-ҳамроҳлик. «Астана Хаб» технопарки ўз иштирокчиларига шундай имкониятлар яратади. Ҳозир бу ерда саккиз юздан зиёд маҳаллий ва хорижий компания рўйхатга олинган. Ҳар йили хаб иштирокчилари акселерация ва инкубация дастурларидан ўтади. Сўнгги беш йил ичида 2 мингдан зиёд одам улардан фойдаланди. 15 минг фуқаро таълимий дастурларни қўллаган.
Асем Тўлегенқизи, Astana Hub корпоратив инновация ва рақамли малакалар офиси бош менежери:
- 2018 йилдан бошлаб, хаб стартаплар йўналишини ривожлантиряпти, бизда стартап бошлаш истагидаги ёшлар ҳам, ишини йўлга қўйган тадбиркорлар ҳам бор. Дастурлар эса жуниор учун ҳам, инвестордан молиявий кўмак ола бошлаган шахсларга ҳам берилади. Дастурларимиз жуда кўп, ҳаммаси бепул. Атайлаб шундай қилинган, бундан кўзланган мақсад – Қозоғистонда айти бозорини ривожлантириш.
Дмитрий Макеев компанияси икки йилдан буён Астана хаб ҳудудида ишлайди. У оммалашган айти-маҳсулот – болалар ва катталар учун кўнгилочар ўйинлар ишлаб чиқади. Анимация асосида яратилган персонажлар жаҳон бўйлаб миллионлаб мухлисига эга бўлган. Воркшоп ва акселерация дастурлари эса сотувни кенгайтиришга имконият яратади.
Дмитрий Макеев, ўйинлар ишлаб чиқарувчи компания раҳбари:
- Бир неча акселерация дастуридан ўтдик. Берган билими учун Астана Хабдан миннатдорман, қўшимча равишда коворкинг тақдим этади, унда биз бошқа стартап-лойиҳалар билан танишамиз, маълум йўналишларда билим, тажриба алмашамиз, бундай алоқалар янги мижоз топишда ҳам жуда қўл келади.
«Astana Hub»да таъкидланишича, солиқдаги имтиёзлар туфайли ўтган йили компаниялар жами 17 миллиард тенге маблағ тежай олган. Экспертлар фикрича, шунинг ўзи иштирокчилар учун яхши шароит яратилганини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.