Қозоғистонлик каскадёрлар жаҳонда
тенгсиз Жеки Чан фильмларида қатнашади. Яқинда жаҳон киноси афсонаси «Nomad
Stunts» раҳбарияти билан музокара ўтказди. Таъкидлаш лозимки, ҳозир Хитойда таниқли актёрнинг
навбатдаги картинаси суратга олиняпти.
Жайдарбек Кунгужинов, «Nomad stunts» каскадёрлар халқаро гуруҳи раҳбари:
- У билан учрашишни анчадан буён орзу қилганман.
Жамоасидагилар билан кўп марта ишлаганман. Улар билан кўп гаплашганман. Бироқ
Жеки билан учрашиш осон эмас. Шунга қарамай, афсонавий шахс билан учрашиш,
суҳбатлашишга умид қилганман. Учрашдик, бир қанча масалаларни муҳокама қилдик. Эҳтимол,
декабрда яна учрашамиз ва ҳамкорлик
шартларини батафсил гаплашиб оламиз. Ҳа, у ёрдамчисига бизнинг маълумотлар, резюме, шоу-рилларимизни олишини
сўради. Декабрда вақт топиши ва муҳокама қилиши мумкинлигини билдирди. Менимча, ҳамкорлик қила оламиз.
Қозоғистонлик каскадёрлар иштирок
этган охирги йирик лойиҳа – Ридли Скоттнинг «Наполеон» фильми. Бу картина тез
орада жаҳон прокатига чиқади. Бундан ташқари, юртдошларимиз бошқа қатор машҳур
халқаро лойиҳаларда трюклар намойиш этди. Жамоанинг келгуси бир неча ойдаги иши кунларга тақсимланиб,
режалаштириб қўйилган.
Жайдарбек Кунгужинов, «Nomad stunts» каскадёрлар халқаро гуруҳи раҳбари:
- Биздан 7-8 та одам Болливудга бориши кутиляпти.
Ўзим эса 5 нафар жамоа аъзоси билан Европага жўнайман. Европадаги ишни тугатгач,
Ҳиндистондагиларга бориб қўшиламан. Туркия билан иккита лойиҳамиз бор. «Ўзбеккино»
билан лойиҳамиз бошланади. Унда машиналардаги экшенлар, муштлашувлар бор. Экшенга
тайёрлаш ишлари бошланиб кетган. Ҳозир лойиҳалар кўп. Бир қанча яхши янгиликлар бор, фақат ҳозир
улар ҳақида айта олмайман. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, музокаралар яхши
якунланса, аниқ бир тўхтамга келсак, албатта айтаман. Янгиликлар кўп.
Эслатамиз, қозоғистонлик каскадёрлар гуруҳи дунё миқёсида обрў топган. «Nomad Stunts» «Мулан», «Қиролга мактуб», «47 ронин», «Тутқизмаслар-2», «Она сари йўл», «Шал» ва бошқа фильмларда суратга тушган. «Тўмарис» фильмидаги трюклари учун «Таурус» мукофотини олган. Бу нуфузли мукофотни жаҳон миқёсида “Каскадёрлар «Оскар»и» деб ҳам аташади.
Абдумалик
Сарманов таржимаси