Астана шаҳри Қозоғистоннинг энг жозибадор шаҳри сифатида ном таратяпти. Янги имкониятлар ахтарганича пойтахтга кунига минглаб одамлар келяпти. Бу ерда мамлакатнинг молиявий ва маъмурий захиралари жамланган. energyprom.kz портали берган маълумотга кўра, қурилиш, ички бозор ва кўчмас мулк секторининг ривожланиши шаҳар аҳолисининг фаол ўсишига туртки берди. Қозоғистон пойтахтида қурилиш, ички бозор ва кўчмас мулк секторининг ривожланиши минтақанинг ички маҳсулотида хизматлар улушининг 80 фоизини ташкил этишига олиб келди. Бу эса мегаполиснинг мамлаатдаги интеллектуал ва сервис маркази сифатида мавқеини оширяпти. Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги берган маълумотга кўра, пойтахт ақлли шаҳарлар рейтингида Алмати ва Қарағандидан ўзиб кетди ва биринчи ўринга чиқди. Oxford Economics Global Cities Index 2025 тадқиқотларига кўра, Астана Осиёнинг энг илғор 40 шаҳри қаторига кирди. Пойтахт янги ғоялар ва бизнесни ўзига жалб қилишда давом этяпти. Унда замонавий турмуш сифат стандартлари, янги иқтисодий модель шаклланяпти ва катта лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Аналитиклар таъкидлашича, мегаполиснинг салоҳияти етарли, у барқарор ривожланиш йўлида давом этяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

