Йил охиригача республика аҳамиятига эга йўлларнинг 90 фоизи, вилоятлар транспорт артерияларининг 80 фоизи қулай ҳолатга келтирилади. Марказий Коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари Берик Камалиев таъкидлашича, шу кунларда 8 минг 400 километр йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти. Улар қаторида 15 та йирик лойиҳа бор. Шу жумладан, жорий йилда Қарағанди-Балхаш, Қурти-Қапшағай, Талдиқўрған-Ўскемен ва бошқа автойўллар тўла таъмирдан чиқарилади. 2021 йилда ҳайдовчилар Ушарал-Дўстиқ йўлидан фойдаланиши мумкин. Натижада, туристлар Алакўл курортларига осонгина етиб боради. Вазир ўринбосари маълум қилишича, келгуси ойда Алматидаги Олтин Ўрда туманида автойўл участкаси таъмири ниҳоясига етади. Ақтўбе-Атирау-Астрахань йўналишидаги ишлар якунланиш арафасида эканлиги ҳам автомобилчиларни қувонтириши шубҳасиз. Эслатамиз, аввал, масалан, Атирауга бориш учун ақтўбеликлар Уральск орқали 500 километр қўшимча йўл босиб ўтишига тўғри келарди.
Берик Камалиев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари:
- Барча автомобиль йўлларида қурилиш ишлари олиб бориляпти. Жорий йилда биз «Қандиағаш-Мақат» участкасини тугатамиз, йўлакда ҳаракатланиш имкониятини таъминлаймиз. 2023-2024 йилларда тўла топширамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси