АСМ хорижий инвесторлар учун кўпроқ жозибадор бўлган сектор. Мутахассислар фикрича, йилнинг биринчи чорагида четдан киритилаётган капитал маблағларнинг учдан бири айни шу соҳага тўғри келади. Умуман, ушбу даврда республикамизга йўналтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми деярли 7 миллиард долларни ташкил қилган. Шу тариқа, бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига солиштирганда, 54 фоизга ошган. «Kazakh Invest» компаниясида мамлакат инвестициявий харитасига таъриф берилди.
Меиржан Юсупов, «Kazakh Invest» бошқарув раиси:
- Жорий йилда Давлат раҳбари топшириғига кўра, инвестициявий лойиҳаларнинг ягона портфели яратилди, ҳозирги пайтда ундан 797 та лойиҳа жой олган бўлиб, умумий суммаси 30 триллион тенге. Булар нефть-кимё, озиқ-овқатни қайта ишлаш, озиқ-овқат саноати, АСМ, туризмга доир лойиҳалар, шунингдек, логистика, транспортировка ва бошқаларга оидлари ҳам бор. Яъни барча истиқболли лойиҳалар мавжуд. Чорак сайин мазкур портфель янгиланади, янги лойиҳалар қўшилади.
Компания маълумотларига кўра, инвестлойиҳалар жамланмаси 35 дан зиёд давлатдан тақдим этилган. Инвестиция киритиш бўйича рейтингда бугунги кунда Нидерландия етакчи, икки миллиард доллар йўлланган. Кейинги ўринларда - АҚШ, Швейцария, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Бельгия, Буюк Британия, Франция ва Туркия.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.