Вейп – ёш қозоғистонликлар саломатлигига хавф солмоқда. Бу муаммо казнет майдонида ҳам, ҳукумат даражасида ҳам муҳокама қилиняпти. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, «бир тортиб кўриш»ни истовчи болалар ва ўсмирлар ҳам, инсофсиз тадбиркорлар ҳам кўпайиб боряпти. Шу кунгача бу иш билан шуғулланган тўрт юздан зиёд тадбиркорга ноқонуний савдо учун жарима солинди.
Қозоғистон ўсмирлари ичида янги шаклдаги тамаки тортиш урфга кира бошлади, дейиш мумкин. Электрон вейплардан фойдаланаётган 13-15 ёшдаги болалар сони уч марта кўпайган. Мутахассислар таъкидлашича, «мода»га эргашган болалар бунинг оқибатларини тўла тасаввур қила олмайди.
Гулнара Алтинбаева, педагог-психолог:
- Ўсмирларда миядаги лимбик тизим жадал ривожланади, бир-бирига тақлид қилади, ўхшашга интилади. Уларнинг руҳияти тўла шаклланмаган, бу эса таваккалларга олиб келади, бундай ишларни болалар тўла тушунмаган ҳолда амалга оширади. Улар тенгдошлари олдида обрў қозониш учун электрон вейпдан фойдаланади. Уни зарари йўқ нарса, деб ўйлайди. Аслида тамакининг салбий оқибатлари кўп.
Хавфли «эрмак» сотиб олиш болалар учун муаммо эмас. Дўкон пештахталарида бундай ускуна турлари жуда кўп. Ўсмирларга чекиш жиҳозини сотиш ижтимоий тармоқларда ҳам назоратга олинмаган. Ҳуқуқий статистика қўмитаси маълумотига кўра, йилнинг фақат биринчи ярмида 21 ёшга тўлмаганларга тамаки маҳсулотлари сотганлардан салкам 6 миллион тенге жарима ундирилган. Жами 400 та шундай ҳуқуқбузарлик рўйхатга олинган.
Розалина Ермекпаева, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ноозиқ-овқат маҳсулотлари техник регламентлари назорати бошқармаси раҳбари:
- Ҳозирча тасдиқланган техник регламент мавжуд эмас, шунинг учун мувофиқлик сертификати ёки декларация талаб қила олмаймиз. Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси синов лабораториялари чиқарган миллий стандартлар бўйича иш олиб боряпти. Бу ишлар тугатилиб, аккредитация амалга оширилгач, миллий экспертиза маркази вейплардаги никотин миқдорини кўрсатиб беради ва бу иш давлат назоратига олинади. Шунда маҳсулот айланмаси ва уни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилиш мумкин бўлади.
Экспертлар маълум қилишича, техник тартибга келтириш – у ёки бу маҳсулотнинг хавфсизлик даражасини белгилашга қаратилган чора. Қозоғистонда вейпнинг зарари ва оқибатлари бўйича тадқиқот ўтказилмаган. Европалик мутахассислар фикрича, улар таркибида оғир металлар ва психотроп моддалар бор. Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўсмирларга электрон сигарет сотиш, унинг истеъмолини тақиқлаш тўғрисидаги қарорни муҳокамага қўйди. Қозоғистонликлар вазирлик сайтида фикр билдириши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси