Мухтор Авезовнинг машҳур қирғиз эпоси «Манас» ҳақидаги монографияси қайта чоп этилди. Маълумки, бу асарнинг 1934 йилда чоп этилган дастлабки варианти кейинчалик кўп марта адиб томонидан қайта ишланган ва таҳрир этилган. Ушбу китоб қозоқ олимининг адабий меросини тадқиқ этаётганлар учун фойдали бўлиши шубҳасиз. Бундан ташқари, Халқаро Турк академияси ташаббуси билан Алматида ташкил этилган «Ҳамнафас буюклар» анжуманида «Ахмет Байтурсинули ва Алаш» китоби тақдим этилди. Унда замондошлари ҳамда кейинги авлод вакилларининг мақолалари жамланган.
Дархан Қидирали, Халқаро Турк академияси президенти:
- Маълумки, Ахмет Байтурсиновнинг 150 йиллиги ЮНЕСКО муҳим саналари тақвимига киритилган. Халқаро ташкилотлар билан бирга йил давомида турли шаҳар ва давлатларда шу санага бағишланган тадбирлар ўтказамиз. Улардан биринчиси Алматида ташкил қилинди. Бугун икки юбилейни шунчаки бирлаштирмадик, зеро, бир пайтлар 25 ёшдаги бошловчи драматург бўлган Мухтор Авезов халқ ўқитувчиси ва лингвист олим Ахмет Байтурсиновнинг 50 йиллик юбилейи шарафига маъруза тайёрлаган.
Абдумалик Сарманов таржимаси