Асл манбани асраш. Манғистау вилоятида яшовчи Ўтепқали Умиров хонадонида миллий заргарлик санъати сирлари ва қадимий технология асраб-авайланади. У бу нозик касб билан шуғулланаётганига 30 йилдан ошди. Ўтган йиллар ичида уста 200 мингтага яқин узук, исирға, шашбау ва туморлар ясаган, икки ўғлига ҳам тақинчоқ ясаш санъатини ўргатган. Бугунги кунда ушбу сулола ясаган маҳсулотлар кўркамлиги ва эксклюзивлиги билан бутун мамлакатга машҳур. Ҳатто АҚШ ва Европадан ҳам буюртмалар келади.
Ўтепқали Умиров, заргар:
- Шу ҳунар билан шуғулланаётганимдан, уни фарзандларимга ўргатганимдан мамнунман. Бу билим менга отамдан, унга эса бобомдан ўтган. Биз аждодлар ишини давом эттиряпмиз. Заргарлик – фақат касб эмас. Бунда вазминлик, сабр ва қунт керак бўлади. Маҳсулотга қалбнинг бир бўлагини сингдириш муҳим. Одам бир тақинчоқни йиллар бўйи тақиб юради, у ҳамиша бирдек урфда бўлиши лозим.
Тўлеген Ўтепқалиули, заргар:
- Биз шу устахонада туғилганмиз, ёшликдан қўлда заргарлик болғаси билан улғайдик. Мен отамга ўхшаган уста бўлмоқчиман. Заргарлик маҳсулотлари устида ишлаш – катта меҳнат, ўзига хос технологияларни билишдир. Мақсадимиз – одам ўзидан мерос қилиб қолдира оладиган қимматбаҳо буюмлар ясаш. Улар орадан 100-200 йил ўтиб, қадрини топиши мумкин.
Миллий ҳунармандчилик анъаналарини асровчи яна бир юртдошимиз Ғарбий Қозоғистон вилоятида яшайди. Укижан Танабаева жониворлар суягидан нодир сувенирлар ясайди. Бугунги кунда улар муқаддас мазмунга эга. Унинг ҳар бир маҳсулоти – қозоқ халқ маданияти ва тарихи тажассумидир. Ҳар бир асар устида камида ярим ой меҳнат қилинади. Суякни тайёрлашнинг ўзи ҳам оғир ва машаққатли ишдир, дейди уста.
Укужан Танабаева, уста:
- Бу “қари жилик” дейиладиган суяк. Унинг асосида бутун бошли «Береке – байлиқ бақит» номли лойиҳа яратдим. Кўҳна анъаналарни қайта тиклаш, халқона қадриятлар, маданиятни асраб қолиш – асосий мақсадим. Мана бу ҳаёт дарахти. У 75 та суякдан иборат, айнан қари жиликдан. Ҳар битта шох 3 та суякдан ташкил топган. Шохчалар 25 та. Биласизки, қозоқларда 25, 13, 37 муқаддас сонлардир. Ҳар бир композицияда муқаддас мазмунни асраб қолишни истардим.
Хуршида Абдуллаева таржимаси