Сеулда Қозоғистон корейслари тўғрисида китоб чоп этилди

Сеулда Қозоғистон корейслари тўғрисида китоб чоп этилди

Сеулда 11 нафар қозоғистонлик корейс ҳақида китоб нашрдан чиқди. У ҳаётини санъатга бағишлаган ҳамюртларимиз тўғрисида ҳикоя қилади. Нашр тақдимотида қатнашиш учун тўрт нафар арбоб Алматидан Жанубий Кореяга таклиф этилди. Булар Қозоғистон халқ артисти Римма Ким, республикада хизмат кўрсатган артист Зоя Ким, Талдиқўрғандаги «Ачим ноуль» ансамблининг бадиий раҳбари Галина Нам ва Алмати гитарачилари ҳамжамияти раҳбари Геннадий Ким. Китоб устида иш 2019 йилда бошланган. Материал тўплаш учун Қозоғистонга махсус мутахассислар келганди, лекин пандемия сабабли китобни нашр этиш бироз кечикди. Ҳозирча китоб чекланган ададда чоп этилган. Лекин асарни рақамли форматда ўқиш, шунингдек, кўчириб олиш мумкин.

КИМ ЕН УН, АНЪАНАВИЙ КОРЕЙС МУСИҚАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ:

- Бу китобдан мақсад – хорижда яшаётган корейслар нима билан шуғулланаётганини кўрсатиш. Шунингдек, ёш авлод ўтмиш тажрибасини ўрганиши учун қўлланма яратилади. Менимча, у Қозоғистон ва Корея санъат арбоблари ўртасида янгича ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Санъаткорлар ҳақида асарлар кўп. Лекин хориждаги буюкларимиз билан эндигина шуғуллана бошладик.

СО ИН ХВА, КИТОБ МУАЛЛИФИ:

 - Қозоғистон корейсларининг анъанавий санъати – Шимолий ва Жанубий Корея маданиятидаги энг яхши жиҳатлардан фойдаланиш, ўз йўналишини излашга асосланган. Суҳбатларда ватандошлар кўп марта депортациядан кейин қозоқлар корейсларни жуда илиқ кутиб олганига эътиборимни қаратди. Этник озчиликларга ҳамиша ҳам яшаш осон бўлмаган. Лекин бошқа давлатларга нисбатан Қозоғистонда муҳит жуда яхши. Улар миллатимиз корейс бўлгани билан қалбан қозоқмиз, деб таъкидлайди. Қаҳрамонларим ҳар икки давлатни яхши кўради, лекин улар Қозоғистонда томир отган. Бу муҳаббат санъат воситасида намойиш қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси