Америка компанияси Қозоғистонда аккумуляторли электровоз чиқаради

Қозоғистонда аккумулятор ёрдамида ҳаракатланувчи электровозлар ишлаб чиқарилади. Транспорт ва логистика бўйича пешқадам бўлган Wabtec компанияси яшил энергетика талабларига мувофиқ маҳсулот устида ишлаяпти. Ҳозирча лойиҳалаштириш ишлари амалга ошириляпти.  2026 йилга бориб экологик технологиялар асосида ишловчи электровозлар АҚШда, сўнгра Қозоғистонда, Астанадаги Локомотив-қурилиш заводи базасида ишланади.  

Нурлибек Ахметов, Локомотив заводи минтақавий лойиҳа раҳбари:
- Ҳозир Wabtec лойиҳалаш ишларини тугатаяпти, ишлаб чиқариш босқичига кўчаяпмиз. Менимча, 2026 йилгача биз АҚШда биринчи аккумуляторли электровозни чиқарамиз, сўнгра ишлаб чиқаришни ўзимиздаги локомотив корхонага кўчирамиз. Келажакда шундай локомотивлар чиқаришни йўлга қўямиз.

Америка компанияси Қозоғистонда муҳандислик маркази очади

Бундан ташқари, Америка компанияси Астанадаги заводнинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирди. Жорий йилда унда 90 локомотив чиқарилди, бу эса ўтган йилдагидан икки марта кўп. Нью-Йоркда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашган Wabtec бош директори Рафаэль Сантана Қозоғистон транспорт-логистика секторига салкам 1 миллиард доллар инвестиция киритиш режасини баён этган.

Нурлибек Ахметов, Локомотив заводи минтақавий лойиҳа раҳбари:
- Ушбу инвестициялар доирасидаги лойиҳалардан бири сифатида Қозоғистонда Wabtec компанияси томонидан муҳандислик маркази очиш режасини кўрсатиш мумкин, у локомотивларни лойиҳалаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш бўйича илғор тажриба манбаи бўла олади. Биз кўпдан буён Қозоғистонда ишлаяпмиз. компания мамлакатда инвестициявий иқлим қулай, деб ҳисоблаши табиий. Нафақат Қозоғистоннинг, балки бутун минтақанинг ўсиш салоҳияти катталигини кўриб турибмиз. Wabtec Қозоғистонни бўлажак бизнес-лойиҳалари маркази сифатида танлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.