«Ҳамёнбоп интернет» миллий дастури рўёбга чиқарилади

«Ҳамёнбоп интернет» миллий дастури рўёбга чиқарилади

Қозоғистонда «Ҳамёнбоп интернет» миллий дастури тасдиқланди. У 2027 йилда рўёбга чиқарилади. Режани ҳаётга татбиқ этиш учун бир ярим триллион тенге ажратилди. Маблағнинг катта қисми симли ва симсиз алоқа инфратузилмаларини ривожлантириш учун сарфланади. Таъкидлаш лозимки, миллий лойиҳа Давлат раҳбарининг интернет соҳасини ривожлантириш бўйича берган топшириғи доирасида амалга оширилмоқда. Бош вазир Алихан Смаилов тегишли қарорни имзолади.  

Динара Алимова, Қозоғистон Республикаси бош вазири матбуот котиби:
– Дастурдан асосий мақсад – аҳолининг камида 100 Мбит/с тезликда ишловчи интернет тармоғига чиқиши учун имконият яратиш. Асосий эътибор қишлоқларга оптик толали алоқа линияларини етказишга қаратилади. 3 мингтадан зиёд қишлоқда тегишли линиялар монтаж қилинади. Миллий лойиҳа доирасида рақамли инфратузилмалар қурилади. Шу  жумладан, 487 та антенна-мачта ускунаси ўрнатилади. Натижада, 17 минг километр автойўл мобил интернет билан таъминланади.

Миллий лойиҳанинг яна бир йўналиши – 5G тармоқларини янада кенг ёйиш. Бугунги кунда 600 та базавий станция қурилган. 2025 йил охиригача мазкур технология республика аҳамиятига эга барча шаҳарлар ва вилоят марказларида ишлай бошлайди. Бундан ташқари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари бунёд этилади, чегараоша оптик толали магистраллар ўтказилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида қабул қилинган қонунлар республикага етакчи халқаро IT-компаниялар келишини таъминлайди. Ҳукуматда таъкидлашларича, бу тадбирлар Қозоғистоннинг минтақавий рақамли хаб сифатида нуфузини оширади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.