Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаев Америка бизнеси етакчилари билан учрашувда Қозоғистон ва
АҚШ ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишлари тўғрисида гапирди. Давлат
раҳбари Америка Қўшма штатларини муҳим стратегик ҳамкор сифатида тилга олди,
кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истагини кўрсатиб ўтди. Мамлакатлар
ўртасида умумий нуқталар кўп, энг юқори даражадаги учрашувларда бу яна бир
марта тасдиқланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Бугун биз
Президент
Трамп билан яна битта сермазмун суҳбатда бўлдик, бунинг учун жуда миннатдорман.
Қозоғистон Президент Трампнинг прагматик дипломатияси ва Европа, Яқин Шарқдан
тортиб, Осиё ва Африкагача бўлган ўткир зиддиятларни тинч йўл билан ҳал қилишга
бераётган ёрдамини юқори баҳолайди. Унинг тутган конструктив мавқеи, аниқ
натижаларга интилиши глобал қутблашиш давом этаётган бир даврда тарангликни
пасайтириш ва мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
АҚШ сўнгги даврда Қозоғистон иқтисодига 100 миллиард
доллардан зиёд сармоя киритди. Ҳозир республикада 630 тадан зиёд Америка
компанияси ишлаб турибди. Лекин инвестор учун минтақанинг ўзи ҳам жозибадор
бўлиши лозим. Қозоғистон
Америка бизнесининг Марказий Осиёга кириб боришига ёрдам беришга тайёр. Бунда
C5+ ва B5+ форматларидаги ҳамкорлик қўл келиши мумкин, дея таъкидлади Давлат
раҳбари. Қозоғистон билан эса бизнес-алоқалар устувор йўналишларда фаол
ривожлана олади. Шулардан биринчиси — энергетика сектори. Нефть конларини
ривожлантириш, геологоразведка, уран қазиб олиш ва уни қайта ишлаш ҳам шунга
киради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Дунёдаги энг
катта кўмир захираларидан бирига эга бўлган ҳолда биз АҚШнинг унга энг камида
яқин келажакда ишончли ва хавфсиз энергия манбаи сифатида ёндашувини тўғри, деб
ҳисоблаймиз. Бизнинг энергетика стратегиямиз тўртта компонентга
асосланган: нефть, газ, кўмир ва уран. Ва биз бу тамойилни маҳкам тутиш
ниятидамиз.
Устуворликлар
қаторида ўта муҳим материаллар ҳам бор. Айни вақтда,
тоғ-кон соҳасида шаффоф шарт-шароитлар яратилган. Давлат раҳбари транспорт ва
логистика, агросаноат мажмуаси ҳамда рақамлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт
Тўқаев кўрсатиб ўтган яна бир устуворлик - инсон
салоҳияти. Ҳозир мамлакатда хорижий таълим даргоҳларининг, шу жумладан,
Аризона, Дьюк, Пенсильвания ва Миннесота университетларининг 33 та филиали
очилган. Қозоғистон Президенти Америка олий ўқув юртлари, тадқиқот марказлари
билан қўшма лойиҳаларни янада кенгайтиришни таклиф этди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

