Ҳамдардлик телеграммалари келмоқда

Ҳамдардлик телеграммалари келмоқда

Қарағанди вилоятидаги Костенко номли шахтада рўй берган ҳалокат туфайли одамлар қурбон бўлгани муносабати билан Қосим-Жўмарт Тўқаев номига хорижий давлат ва ҳукумат етакчилари, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари номидан ҳамдардлик телеграммалари келмоқда, қўнғироқлар бўлмоқда. Шахтада 45 нафар кончи ҳалок бўлган. 29 октябрь – Қозоғистонда уммумиллий мотам куни деб эълон қилинди. Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Франция, БАА, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Беларусь Президентлари, Дубай Ҳукмдори, Арманистон Бош вазири, Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, БМТ қошидаги Миграция бўйича халқаро ташкилот Бош директорлари, ТУРКСЎЙ, ШҲТ, ТДТ Бош котиблари ва бошқалар ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик, жабрланганларга тезроқ соғайиш истагини билдирган.

Президент фожиа жойида бўлди

Таъкидлаймиз, корхонада газ-метан портлаши оқибатида юзага келгани  тахмин қилинаётган ёнғин 28 октябрь кечаси содир бўлган. Фавқулодда ҳодиса пайтида шахтада 252 нафар одам бўлган, 206 та шахтёр ер остидан олиб чиқилган. Бош прокуратура томонидан ёнғин борасида «Тоғ ёки қурилиш ишлари олиб борилиши жараёнида хавфсизлик қоидалари бузилиши» моддаси бўйича судга қадар тергов ишлари бошланган.  

Давлат раҳбари зудлик билан фожиа жойига етиб борди ва ҳалок бўлганлар, жабрланганларнинг яқинлари билан учрашди. У ҳамдардлик билдирар экан, одамларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини таъкидлаб ўтди. Президент «АрселорМиттал Темиртау» компанияси билан инвестициявий ҳамкорликни тугатиш борасида топшириқ берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, ҳалокатни бартараф этиш бўйича оператив штаб йиғилишини ўтказди, барча зарурий воситаларни жалб қилган ҳолда қидирув-қутқарув операциясини кучайтирилган тартибда давом эттиришни буюрди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳукуматга ва ҳокимликларга ҳар тарафлама зарур ёрдам кўрсатишни, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига барча манфаатдор тузилмалар билан биргаликда ҳалокатни бартараф этиш ва шахта ишчиларини қутқариш борасида зарур барча чораларни кўришни топшираман. Ички ишлар вазирлиги жабрланганлар оилалари билан иш олиб бориши керак. Ҳукумат комиссиясига одамлар қурбон бўлишига олиб келган ёнғин ҳолати юзасидан текширув ўтказишни, барча айбдорларни жавобгарликка тортишни буюраман.

Абдумалик Сарманов таржимаси.