Травматология ва ортопедияга оид инновациялар намойиш этилди

Травматология ва ортопедияга оид инновациялар намойиш этилди

Қозоғистон пойтахтидаги Батпенов номли Травматология ва ортопедия Миллий илмий маркази мутахассислари йилига 8 мингдан зиёд мураккаб амалиётлар ўтказади. Даволаш масканига турли касалликлардан фориғ бўлиш ниятида республика минтақаларидан, узоқ ва яқин хориждан беморлар келади.

Ўлжас Бекарисов, Н. Батпенов номли травматология ва ортопедия миллий илмий маркази директори:

- Чет эллик беморлар кўп, асосан яқин хориждан. Чунки бизда мамлакатимиздан ташқарида ҳам танилган кўплаб мутахассислар ишлайди. Асосан эндопротезлаш, артоскопия исташади. Марказда туғма сколиозлар тезкор усулларда даволанади. Биздаги мутахассислар буни яхши билади. Тегишли ускуналар ҳам бор. Қўшни давлатлардан кўплаб беморларни юборишади. Айни вақтда, врачлар учун машғулотлар ўтказамиз. Ўзбекистон, Қирғизстондан кўплаб ҳамкасбларимиз ташриф буюради.

Астанага қозоғистонлик ҳамкасблари билан илғор тиббий инновацияларни муҳокама қилиш учун Туркия, Германия, Хитой, Россия, Ҳиндистон, БАА ва Ўзбекистондан илғор экспертлар ташриф буюрди. Икки кунлик форум давомида қатор мастер-класслар, амалиётлар ўтказилди. Ўз тажрибасини баҳам кўрганлар қаторида Анқарадаги Ғозий институти профессори, доктор Улунай Канатли ҳам бор.  

Улунай Канатли, профессор, ғозий университети доктори /ТУРКИЯ/:

- Кеча энг йирик марказни, ундаги жиҳозлар, ускуналарни кўрдик, ходимлар билан танишдик. Ҳаммаси халқаро стандарт даражасида, технологиялар  ҳар қандай амалиётни ўтказиш учун яроқли. Мен мастер-класс доирасида елкасидаги пайлар узилган икки бемор амалиётини ўтказиб бераман. Улардан бирида пай кўчирилади. Бундай амалиёт Қозоғистонда биринчи марта амалга ошириляпти. Келажакда сиздаги  шифокорлар ҳам бу ишни қўлга олишига ишонаман. Улар аввал ҳам бизга келишган, амалиётларни кузатишган.

Қозоғистон ва чет эл компаниялари таянч-ҳаракат аъзолари жароҳатланганда ёки хасталанганида қўлланиладиган энг янги ташхис ва даволаш усулларини намойиш қилди. Улар қаторида тиббиёт ва муҳандислик интеграциясини намойиш этувчи мамлакатимиз ёш мутахассисларининг ишланмалари ҳам бор. Масалан, амалиётдан олдин суяклар, бўғимлар, тўқималар нусхасини 3-Д ёрдамида чоп этиш жарроҳларнинг тайёрланиб олиши учун йўл очади

Ерсултан Альжанов, амалиёт олдидан ишлатиладиган моделлар компанияси расмий вакили:

 3D чоп этиш туфайли амалиётдан олдин режалаштириш жарроҳнинг, дейлик, синган суяк бўлаклари қаерда эканлигини олдиндан мўлжаллай олишини осонлаштиради. У бажариладиган ишни аввалдан режалаштира олади,  пластинани моделлаштиради, ўлчамларини, қанча винт кетишини белгилайди. Яъни, моделлар ёрдамида амалиётни олдиндан ўтказиб кўриш мумкин. Нима қаерда эканлиги аниқ кўриниб туради.

Келажак режалари мўл, дейди соҳа экспертлари. Алоҳида болалар травматология ва ортопедия маркази, минтақаларда шошилинч ёрдам учун травматология марказларини очиш керак. Бу йўналишларда иш олиб бориляпти. Асосий эътибор ҳужайра технологиялари ҳамда имплантантларни ишлаб чиқаришга доир инновацияларга қаратилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси