Алмати яқинида мукаммал тоғ курорти қурилади

Алмати яқинида мукаммал тоғ курорти қурилади

Алмати яқинида жаҳон стандартларига мос тоғ курорти қурилади. Инфратузилмалар, шу жумладан, транспорт йўллари бунёд этишни давлат ўз зиммасига олади. Алмати тоғ кластери бўйича тайёрланган режага кўра, шарқий, марказий ва ғарбий истиқболли туристик зоналари яратилиши кўзда тутилган. Шу тариқа, жаҳон стандартларига мос тоғ-чанғи трассалари узунлиги 700 километрга етиши кутиляпти. Фақат марказий зонада кўтаргичлар қуввати уч марта ошади. Натижада, кунига 34 минг кишини юқорига чиқариш имкони бўлади. Ҳукуматда таъкидлашларича, Алмати тоғ кластери 2029 йилга бориб Марказий Осиёдаги барча мавсумларда ишловчи энг йирик туристик лойиҳага айланади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Халқаро экспертлар таъкидлашича, тоғ инфратузилмасига киритилган 1 доллар курорт инфратузилмаларига 2 доллар хусусий инвестиция олиб келади, шунинг учун иқтисодимиз диверсификацияси учун катта имкониятлар очиляпти. Ишонаманки, бу лойиҳа Алмати ва Алмати вилояти иқтисодини, мамлакат иқтисодини ўзгартириб юборади. Бу йўналишда лойиҳалаштириш ишлари давом этяпти

Таъкидлаш лозимки, туризм соҳаси улуши ҳозир Алмати иқтисодида 4 фоизга тенг. Ўтган йили мегаполисга келган меҳмонлар сони учдан бирга ошди ва Қозоғистоннинг барча туристларининг ярмидан кўпини ташкил қилди. Тегишлича, шаҳар бюджети ҳам икки марта кенгайди ва 90 миллиард тенгедан ошди. Саёҳатчилар оқими ортиши оқибатида инвесторлар киритган маблағ ҳажми кўпая бошлади. 4 ой ичида секторга 40 миллиард тенге инвестиция жалб этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси