Алмати вилоятига 778 миллиард тенге инвестиция жалб этилди

Алмати вилоятига 778 миллиард тенге инвестиция жалб этилди

Алмати вилоятида 7 та саноат зонаси ташкил этилади. Улардан учтаси агросаноат мажмуасини ривожлантиришга мўлжалланган. Умуман олганда, саноат ҳудудлари экспорт учун маҳсулот чиқариш ва инвестиция жалб этишга мўлжалланган. Уларда бир қатор лойиҳалар иш бошлади. «Береке» саноат зонасида мева-сабзавот маҳсулотларини музлатувчи сублимация заводи ишга тушди. У йилига 25 минг тонна маҳсулот беради. «Қайрат» ҳудудида эса 26 та компания фаолият юритяпти. Улар жалб этган инвестицияларнинг умумий ҳажми 150 миллиард тенгега тенг. Минтақада Марказий Осиёдаги энг катта, ҳудуди бўйича дунёда учинчи ўринда турувчи «Alatau» махсус иқтисодий зонаси очилди. Унга инвестициялар жалб этиляпти.

Марат Султанғазиев, Алмати вилояти ҳокими:

- Алмати вилоятининг муҳим ютуқларидан бири - экспорт географияси кенгайди. Вилоят 63 мамлакатга маҳсулот жўнатади, унинг 90 фоизини қайта ишланган маҳсулотлар ташкил қилади. Ўтган йил билан таққослаганда экспорт ҳажми 565 миллион доллардан 581 миллион долларгача ортди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун минтақа дунёнинг етакчи компанияларини жалб этяпти. Металлургия ва инфратузилмалар бўйича қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида хорижий инвесторлар билан шартномалар имзоланди. Алмати вилояти иқтисодига келаётган инвестициялар ҳажми ортяпти. Жалб этилган сармоя 22,5 фоизга кўпайди ва 778 миллиард тенгени ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси