ALIBABAнинг «Олтин етказиб берувчиси» мақомини олди

ALIBABAнинг «Олтин етказиб берувчиси» мақомини олди

Яна 30 нафар Қозоғистон компанияси ALIBABA маркетплейсининг «Олтин етказиб берувчиси» мақомини олди. Қозоғистонда компанияларни халқаро савдо майдончасига чиқариш бўйича саралаш ишларининг иккинчи босқичи бошланди. Савдо ва интеграция вазирлиги берган маълумотга кўра, йил бошидан буён майдончада 44 ташкилот «Gold Supplier» мақомига эга бўлган. Улар қаторида қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, транспорт воситалари, ускуна ва жиҳозлар, шунингдек, кимёвий маҳсулот етказиб берувчилар бор. Жорий йилда 70 компания савдо майдончасига чиқиши режалаштирилган.

 

Ғалимжан Ўразалин,  "QAZTRADE" ҲЖ электрон тижорат департаменти директори ўринбосари:


Танловда қатнашиш учун товар ишлаб чиқарувчилар ҳам, орадаги шахслар ҳам, савдо компаниялари ҳам ариза топшириши мумкин. Премиал аккаунтлар учун ҳақ тўлашдан ташқари, тадбиркорлар верификация жараёнидан ўтиш, савдо майдончасида сайт яратишда ёрдам кўрсатилади. «Олтин етказиб берувчи» мақомидаги компаниялар излашда устувор бўлади, маҳсулот сифати юқорилигини, етказиб берувчи текширувдан ўтган ҳуқуқий шахслигини кўрсатади.

 

Нотиқ таъкидлашича, Қозоғистон озиқ-овқат товарлари юқори сифатга эга ва ҳамёнбоп нархдаги органик маҳсулот сифатида ўзини кўрсатди. Масалан, 2020 йилда маркетплейсда энг кўп талаб қилинган маҳсулот сифатида юртимиздан борган асал кўрсатилди. Савдо майдончасида жами 5 минг Қозоғистон товари мавжуд. Мамлакат корхоналарининг В2В маркетплейси орқали савдо ҳажми 2020-2022 йилларда 300 миллион долларга етди. Эслатамиз, Хитойдаги яна бир савдо майдончаси -  JD.comда ҳам 25 та Қозоғистон бренди бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси