2030 йилга бориб, сув тақчиллиги бошланиши мумкин

2030 йилга бориб, сув тақчиллиги бошланиши мумкин

2030 йилга бориб, Қозоғистонда сув тақчиллиги йиллик 23 куб километрга етиши мумкин. Сўнгги йигирма йил давомида мамлакатда сув захиралари тобора камайиб бормоқда. Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги вакили Дўсбўл Бекмағамбетов брифингда берган маълумотга кўра, ҳозир республика аҳамиятига эга 120 та канални қайта тиклаш масаласи кўриляпти. Натижада мамлакатда сув сарфи 800 миллион кубметрга камаяди. Бундан ташқари, қўшимча ҳажмларни таъминлаш мақсадида 2025 йилда Ақмўла, Алмати, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Қизил Ўрда ва Туркистон вилоятларида 9 та янги сув омбори қурилади. Натижада, сув таъминоти масаласида қўшни мамлакатларга қарамлик камаяди, 70 та аҳоли манзилгоҳида тошқин юз бериш хавфи бартараф этилади. Шунингдек, нотиқ чегараоша оқиб ўтувчи Урал дарёси билан боғлиқ вазият ҳамда уни давлат аҳамиятига эга объектлар қаторига киритиш эҳтимоли масаласи ҳақида гапирди. 

Дўсбўл Бекмағамбетов, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги сув захиралари қўмитаси раис ўринбосари:

- Бугунги кунда мазкур рўйхатга 5 та сув объекти киритилган. Бу - Каспий денгизи, Есиль дарёси, Балхаш, Зайсан кўллари ва Алакўл кўллар тизими. Урал дарёсини киритиш учун илмий асослар бўлиши керак. Мазкур масалани 2021-2024 йилларга мўлжалланган чегараоша ўтувчи Урал дарёси экотизимини сақлаб қолишга оид Қозоғистон-Россия ҳамкорлик дастури асосида ҳал қилишни ўйлаяпмиз. Амалга оширилган ишлар юзасидан рўйхатга қўшимча киритилади. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Урал дарёсидаги вазият ўтган йилдагига нисбатан яхшиланди.

 

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.