Alatau City хитойлик сармоядорлар учун қизиқарли лойиҳа

Alatau City хитойлик сармоядорлар учун қизиқарли лойиҳа

Қозоғистон ва Хитой Шенчжендаги Alatau City халқаро роуд-шоусида 24 та шартнома имзолади. Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев бошчилигидаги Қозоғистон делегацияси "Келажак шаҳри" лойиҳаси ва инвесторлар учун яратиладиган шарт-шароитларни тақдим этди. Томонлар Alatau City’да янги авлод аккумуляторлари, энергия сақлаш тизимлари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, электр транспорти ва зарядлаш инфратузилмасини ривожлантиришга келишиб олди. Бундан ташқари, Хитой компаниялари саноат корхоналари, энергетика ва логистика инфратузилмаси объектларини қуришда иштирок этади. Лойиҳаларнинг умумий инвестиция салоҳияти 6 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Кейин Қозоғистон делегацияси Гонконгга йўл олди. Бу ерда Alatau City’га бағишланган инвестициявий давра суҳбати ташкил қилинди. У ХХР Махсус маъмурий ҳудудининг энг йирик инвестиция жамғармалари, молия ташкилотлари ва технология компаниялари вакилларини бирлаштирди. Тадбир доирасида 6 та битим имзоланди. Улардан бири Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига бевосита инвестициялар жамғармаси ташкил этиш билан боғлиқ. Alatau City лойиҳалари ҳам устувор йўналишлар қаторида. Alipay рақамли тизими ва Solana Foundationни ўз ичига олган йирик молия компанияси алоҳида қизиқиш билдирди. Компания Қозоғистон шаҳрининг инновациявий экотизимини ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр.

Қанат Бўзумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

- Гонконг дунё молия тизимида алоҳида ўрин тутади. Халқаро инвестициялар, капитал бошқаруви ва трансчегара лойиҳаларни рўёбга чиқаришда муҳим майдончалар қаторида туради. Шунинг учун Алатау лойиҳасини Гонконг инвестициявий ва тадбиркорлик ҳамжамиятига тақдим этиш муҳим. Тарихда биринчи марта Қозоғистонда ривожлантиришни жадаллаштириш, инвестиция жалб қилиш, инновация жорий этишга қаратилган махсус ҳуқуқий тартибга эга шаҳар ташкл қилиняпти.

Жон Ли,  Гонконг маъмурияти раҳбари:

- Ўтган йили Қозоғистон иқтисоди 6,5 фоизга ўсди. Ички талабнинг ошиши ва бой табиий захиралар туфайли бунга эришилди. Шахсан ўзим Қозоғистон фаол ривожланаётгани, тадбиркорлар фаоллиги юқорилигига ишонч ҳосил қилдим. Мамлакатдаги ислоҳотлар, унинг очиқлиги, инвесторларга бўлган ижобий муносабат лол қолдиради, ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. Гонконг, ўз навбатида, бизнес ва инвестицияларнинг турли соҳаларида Қозоғистон билан ҳамкорликка ижобий туртки бериш ниятида.

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бўзумбаев Гонконгнинг "бизнес капитанлари" билан ҳам учрашувди. Халқаро инвесторлар Алатау шаҳри ҳудудида ҳамкорлик қилишга, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.