Ақтауда яшил майдонларни суғориш учун янги, одатдаги усуллар муқобили ўйлаб топилди. Бунинг учун кондиционерлар сувидан фойдаланилади. Ушбу шаҳарда яшовчи Алексей Жубанов бир қарашда оддий конструкция тўплади. У бир қанча оддий элементлардан иборат. Сплит-тизимнинг резина ичакларига пластик қувурлар уланган. Улар орқали ишлатилган сув махсус цистернага оқиб тушади. Лойиҳа муаллифи айтишича, уста хориждалигида шундай усулни кўрган.
Алексей Жубанов, лойиҳа муаллифи:
- Малайзияда мен уйларнинг ташқи томонида кондиционерлар кўринмаслигига эътибор қилдим. Ичкарига кирганимда, шундай сплит-тизимлардан фойдаланилишини кўрдим. Улар уй пештоқини эҳтиётлаш учун шундай қилар экан. Бизнинг қурувчилар ҳам шунга эътибор қилишини истардим. Кондиционер учун деворда махсус тирқиш қўйилса ва оқадиган сув бир жойга тўпланиб, суғориш учун ишлатилса, яхши бўларди.
Бундай қурилмалар фақат фойда келтиради, деб ҳисоблайди муаллиф. Конденсат тўпланиши бир томондан уй пештоқи емирилишининг олдини олади, уйда яшовчилар томчилаётган сув шовқинидан безовта бўлмайди. Тўпланган сув дарахтларни суғоришга сарфланади. Маҳаллий аҳоли бу иш билан шуғулланиши мумкин.
Турагал Сатаев, ақтау шаҳридан:
- Бу тизим жуда фойдали. 5-6 кунда тўлиб қолади. Ундан қандай фойдаланиш мумкинлигини кўрсатишди. Жўмрак ўрнатилган жой калитини беришди. Резина ичак ҳам бор. Ўзимиз суғора оламиз.
Конденсат ўсимликлар учун зарарли эмас. Буни маҳаллий Ботаника боғи мутахассислари тасдиқлади. Ишланма муаллифи бочка тўлиб қолган тақдирда сув оқиб чиқиб кетиши мумкин бўлган махсус механизм қўйган.
Абдумалик Сарманов таржимаси