Бир ярим мингдан ортиқ бино зарарланган, 765 та машина ва махсус транспорт ёндирилган, 3 мингтадан кўпроқ қурол ўғирланган. Қозоғистон Республикаси Бош прокурори Берик Асилов Парламент Мажилиси йиғилишида январь воқеалари бўйича ўтказилган тергов натижалари ҳақида сўз юритди. Маълум бўлишича, ташкилотчилар аниқ режа асосида ишлаган. 4-5 январь кунлари 11 та минтақада тартибсизликлар бошланган. Кимлардир дўконларни вайрон қилаётганида, қолган қуролли жиноятчилар давлат идоралари, Миллий хавфсизлик, полиция бинолари, Президент резиденцияси ва бошқа стратегик объектларга ҳужум қилган. Тажовуз қилганлар орасида экстремистлар, криминал шахслар ва радикаллар бўлган, дея таъкидлади Берик Асилов.
Берик Асилов, Қозоғистон Республикаси Бош прокурори:
- Бузғунчилик бўлган, биноларга ўт қўйилди, қуролли радикаллар бошбошдоқчиликдан фойдаланиб, турли объектларга ҳужум уюштирди. Яъни биз экстремизм, криминал ва радикаллик аралашмасига дуч келдик. Давлат кескин жавоб бермаганида, аҳвол кескинлашиши мумкин эди. Ҳокимиятни куч билан тортиб олишга уриниш юз берди. Айни пайтда аниқ айта оламанки, бу ҳаракатлар мувофиқлаштирилган шаклда амалга оширилгани, режа асосида бўлганига шубҳа йўқ.
Бош прокурор таъкидлашича, фуқароларга, бизнес ва давлатга миллиардлаб зарар етказилган, акциялардан мақсад куч билан ҳокимиятни тортиб олиш бўлган. Берик Асилов таъкидлашича, куч ишлатувчи тузилмалар охирги сониягача жанговар қурол ишлатмаган, фақат резина ўқлар, ёш оқизувчи газ ва бошқа воситалардан фойдаланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси