«TourismKaz» мобиль иловаси тақдим этилади

«TourismKaz» мобиль иловаси тақдим этилади

Бехатар ёлғиз саёҳат. Энди қозоғистонликлар ва мамлакат меҳмонлари сайёҳлик йўналишини ўзи белгилай олади, республиканинг энг олис нуқталарига ҳам мустақил бориш мумкин. Бундан кейин «TourismKaz» мобиль иловаси орқали уйдан чиқмаган ҳолда саёҳат учун зарур хизматларни олиш имкони бор. Лойиҳа олий таълим даргоҳларидан биридаги рекреацион география ва туризм кафедраси раҳбари Алия Ақтимбаева раҳбарлигида рўёбга чиқарилди.

Алия Ақтимбаева, лойиҳа раҳбари:

- Асосий ғоя - хорижлик сайёҳларни Қозоғистон Республикасига жалб этиш. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш, масштаблаш, оммалаштириш кўзда тутилган. Қолаверса, қишлоқларда сайёҳлик бизнесини йўлга қўйганлар тақдим этган емакхоналар, меҳмон уйлари бизга хизмат қилади. Чунки биз шундай даргоҳлар ривожланишини жуда истаймиз. Хорижлик меҳмонлар айнан узоқ қишлоқларга бориши айни муддао. Шунда чет элликларга мўлжалланган туризм янада кўламдорлик касб этади.

Ғояни рўёбга чиқариш ва уни онлайн-сервисга айлантиришда муаллифлар “Фан жамғармаси” ёрдамидан фойдаланди.

Марат Пернеқулов, «Фан жамғармаси» ҲЖ лойиҳа дирекцияси бошқарувчи директори:

- Бугунги кунда жамғарма томонидан 245 миллион тенге ажратилди. Фан жамғармаси, Таълим ва фан вазирлиги орқали давлат шу каби лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш, молиялаштиришда давом этяпти. Иқтисодиётнинг барча соҳалари, хусусан, туризм йўналишига эътибор катта. Мазкур лойиҳа ниҳоясига етмоқда. Ҳозирда туристик бозор ички саёҳатларга йўналгани сир эмас. Мазкур маҳсулот айнан ички туризмни ривожлантиришга мўлжалланган.

Ишланма муаллифлари фикрича, иловадан фойдаланиш осон. Унга тегишли маълумотлар киритилгач, бир неча сония ичида Қозоғистон бўйлаб саёҳат қилиш учун энг қулай ва фойдали туристик хизматлар экранда кўринади. Иловада фикр, изоҳ ва таклиф қолдириш, локацияни кўрсатиш, банд қилиш ҳамда воситачиларсиз, фойдали нархларда хизмат ҳақини тўлаш мумкин. Мазкур хизмат тез кунларда ишга тушади.

Абдумалик Сарманов таржимаси