Овозларни ҳисоблаш жараёни осонлашади, ижтимоий кузатувчилар институти кучайтирилади. Марказий Сайлов комиссияси раҳбари ва пойтахт жамоатчилиги вакиллари янгиланишга оид шу ва бошқа таклифларни кўриб чиқди. Сайлов комиссиясининг махсус гуруҳи шаҳарликлар билан учрашди. Бутун Қозоғистонни айланиб чиқиш режа қилинган. Нурлан Абдиров айтишича, сайлов қонунчилигини янгилашда энг олис туманларда яшовчи электорат фикри ҳам ҳисобга олинади. Эслатамиз, аввалроқ Давлат раҳбари мамлакатимиздаги сайловларга тегишли бир қатор ўзгаришларни айтиб ўтганди. Қосим-Жўмарт Тўқаев юртдошларимизни фуқаролик позициясини фаол намоён қилишга, сайлов қонунчилигини янгилаш жараёнида тўлақонли қатнашишга чақирди.
Нурлан Абдиров, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:
- Минтақаларни айланиб, ғалати бир тенденцияга дуч келдик. Ёшлар сайловга қизиқмайди, овоз беришни истамайди, «Бизсиз ҳам сайлаб қўйишган», дейди. Айни пайтда, мамлакат келажаги шу гуруҳдаги фуқаролар қўлида. Бу қарашни ўзгартириш ва сайлов маданиятини ислоҳ қилиш керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси