22 июль куни Қозоғистонда давлат грантлари учун ариза қабул қилиш ниҳоясига етди. Кўплаб илтимосларга кўра, жорий йилда бу жараён икки кунга узайтирилди. Олий таълим даргоҳларида бепул ўқиш учун 78 минг абитуриент ариза берган. Ҳужжатларнинг чорак қисми виртуал қабул комиссияларида олинган. Гумилёв номли университетда эса тушган 3 мингта аризанинг учдан бир қисми масофадан топширилди.
Умиржан Кўкаев, Л. Гумилёв номли евроосиё миллий университети бўлим бошлиғи:
- Мамлакатнинг олис туманларида бўлган битирувчилар виртуал қабул комиссия орқали мурожаат этди. Шу тариқа, мингдан зиёд абитуриент ҳужжатларини қабул қилдик.
Жорий йилда олий таълим масканларида бепул ўқиш учун жами 73 минг грант ажратилганди. Шундан 60 фоизи техник ихтисосликларга ажратилган. Бу йўналишни танлаганлар сони анча кўплигининг сабаби балки шундадир. Шунингдек, 2022 йилда педагогика ва тиббиёт факультетларини маъқул кўрган абитуриентлар ҳам кўп бўлди.
Руслан Емелбаев, миллий тест маркази директори:
- Ёшлар қайси йўналишда ўқишни истагани улар ЯМТ топшириш учун танлаган фанлардан ҳам кўриниб турибди. Барча абитуриентларнинг 28 фоизи физика-математика мажмуасини, 18 фоизи эса кимё-биологияни афзал кўрди. Бу мажмуалар юқоридаги ихтисосликларни эгаллаш учун керак.
Грант кимга насиб этгани ва бепул ўқийдиган талабалар рўйхати 10 августда маълум бўлади. Минимал балл ололмай қолганлар эса яна бир марта имтиҳон топшириш имконига эга бўлади. Улар келгуси ойда қайта имтиҳонга киради. Аризалар 25-30 июлда қабул қилинади. Лекин зарур натижага эришилганида ҳам таълим учун ўз ҳисобидан ҳақ тўлашига тўғри келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.