Ақмўлага 270 нафар этник қозоқ кўчиб келади

Ақмўлага 270 нафар этник қозоқ кўчиб келади

Минтақада квота кўпайтирилди. Ҳар бир оилага молиявий ёрдам кўзда тутилган: бир марта бериладигани ҳам, ҳар ойда бериладигани ҳам бор. Мутахассислар таъкидлашича, йил сайин тарихий ватанга қайтиб келишни истаётганлар сони  ортмоқда. Ўтган йили бир неча юз фуқаро “қандас” мақомини олган. Минтақага асосан Ўзбекистон, Хитой, Туркманистон ва Монголияда яшаганлар келган. Шунингдек, ўтган йили 66 нафар этник қозоқ оиласи Россиядан кўчиб ўтди.

Анна Попова, Ақмўла вилояти полиция департаменти миграция хизмати бошқармаси бошлиқ ўринбосари:

- 2022 йилда Ақмўла вилоятига Афғонистондан 35 нафар ватандошимиз кўчиб келди. Уларнинг 28 нафари яшаш учун тегишли ҳужжатларни олди, Ақмўла вилоятида доимий рўйхатдан ўтди, 7 нафари Қозоғистон Республикаси фуқароси бўлишга улгурди. Кузда Туркманистондан 48 нафар қандас кўчиб келди.

Жирғау Туғанбайули оиласи Монголиядан келган. Ҳозир Красний яр қишлоғида яшаяпти. Оила кўп йиллардан буён тарихий ватанга қайтишни орзу қилган. Лекин аниқ қарорга кела олмаганди. Монголияда Жирғау жамоат ишларида қатнашган, маҳаллий маслихат депутати бўлган.

Жирғау Туғанбайули, Красний яр қишлоғидан:

- Оиламиз билан бирга бизнесни ривожлантиришга қарор қилдик. Давлатдан яхшигина ёрдам олдик. Озиқ-овқат дўкони очдик. Мол олдик. Аста-секин мослашяпмиз. Бундан ташқари, қишлоқ ҳаётида фаол қатнашаман. Келганимдан афсусланмайман, қарорим тўғри бўлган деб ўйлайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси