Агломерацияларни ривожлантириш тўғрисида қонун қабул қилинади

Агломерацияларни ривожлантириш тўғрисида қонун қабул қилинади

Қозоғистонда агломерацияларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади. Йирик шаҳарларга ёндашган аҳоли манзилларини ривожлантиришга мўлжалланган қонун лойиҳаси ва унга боғлиқ бошқа ҳужжатлар Парламентга тақдим этилди. Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилишича, қонун лойиҳаси Давлат раҳбари топшириқлари доирасида халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда тайёрланган. Унга кўра, 5 та қонунга, Ер ҳамда Бюджет кодексларига ўзгаришлар киритиш кўзда тутилган. Алибек Қуантиров таъкидлашича, «агломерация марказлари» сифатида Алмати, Астана, Чимкент ва аҳоли сони 500 минг нафардан зиёд бўлган бир неча бошқа вилоят марказлари олинади. Янги бошқарув модели шаҳар ва унга ёндашган вилоятлар ҳокимликлари ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлаш учун маҳаллий кенгашлар тузилишини кўзда тутади. Агломерацияларни ривожлантириш Ҳукумат қошидаги республика кенгаши томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, бош режа ва маъмурий-қурилиш сиёсатини олиб бориш билан Астана, Чимкент, Алмати ҳокимликлари шуғулланади. Алмати асосан яшил лойиҳаларни молиялаштириш учун ташқаридан қарз олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Бунда аввало яшил лойиҳалар кўзда тутилганЖумладан, Алмати ва шаҳар яқинидаги ҳудудларни боғлаш учун яшил транспортдан фойдаланиш мумкин. Бу борада муаммо мавжуд эди. Мазкур қарзларни Ҳукумат, хусусан, Миллий иқтисодиёт вазирлиги белгилаб беради. Барча ички-ташқи қарзлар бўйича лимит ва шартлар Молия вазирлиги билан келишилган тартибда олиниши шарт. Энг муҳим талаблардан бири: ташқи қарзлар ҳам, ички қарзлар ҳам фақат миллий валюта – тенгеда олиниши керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси