4 халқаро ташкилот вакиллари референдумни кузатаяпти

Айгерим Акимжанова, мухбир:

- Қозоғистонда АЭС қуриладими? Бугун мамлакатда ва ундан ташқарида ўтказилаётган республика референдумида мазкур масала юзасидан қарор қабул қилинади. Қозоғистонда тонгги 7 дан бошлаб 10 мингтадан зиёд сайлов участкаси очилди, улардан смена билан ишлайдиганлар ва вахтадагиларга мўлжалланган 84 таси бир соат эрта иш бошлади. Астана шаҳрида 900 минг нафардан зиёд сайловчи рўйхатга олинган. Биз 2 минг 214 нафар сайловчи рўйхатга олинган 164-участкадамиз. Жараённи, шу жумладан, қатор халқаро ташкилотлардан рўйхатга олинган кузатувчилар назорат қиляпти. Ҳозир биз МДҲ миссияси вакиллари ёнидамиз. Айтингчи, тонгдан бошлаб сиз қандай ишлар билан машғул бўлдингиз?

Леонид Анфимов, МДҲ ташкилоти кузатувчилар миссияси етакчиси:

- Биринчидан, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Ўзбекистондан кузатувчилар аккредитация қилинган, Қозоғистоннинг 9 минтақасида ишлаяпмиз. Референдум яхши ташкил қилинганган, тартибли ўтяпти. Референдум бўйича Марказий комиссиянинг фаол ишини алоҳида таъкидлашни истардим. Бошқа миссиялар билан алоқадамиз.

Шу жумладан, ШҲТ, ОҲИЧБК, Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчи миссияларини кўрсатиш мумкин. Улардан ташқари референдумни кузатиш учун 30 давлатдан 177 нафар вакил келган.

Сади Жафаров, Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчилар миссияси етакчиси:

-  Миссиямиз давом этади. Кун охиригача ишлаймиз. Астана шаҳридаги участкаларнинг бирида овозларни санаш жараёнида қатнашамиз. Қандайдир ҳуқуқбузарликларни кўрмадик, жараён вазмин, барқарор вазиятда давом этяпти. Қозоғистон қонунчилиги ва бу соҳалаги кўпчилик ҳурмат қиладиган халқаро стандартларга риоя этиляпти.

Кузатувчилар фикрича, қозоғистонликлар тонгдан бошлаб кун бўйи фуқаролик фаоллигини намойиш этди.

Арнагуль Смағулова, Астана шаҳридан:

- Бу ерга яхши кайфият билан келдим, дам олиш куни, ўз овозимни беришга келдим. Бу нарса келажагимиз учун зарур, деб ҳисоблайман.

Дулатхан Муханбедин, Астана шаҳридан:

-  Келажагимиз ҳал бўляпти, қайси томондан қарасак ҳам, келажак ўзимизга боғлиқ. Ҳар бир овоз муҳим, ҳамма овоз бериш учун келиши лозим. Атайин эрта турдим, овоз бердим.

Таъкидлаш лозимки, участкалар республика бўйлаб кечки соат 20 гача ишлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси