2040 йилга бориб, сув истеъмоли 56 фоизга ўсади

2040 йилга бориб, сув истеъмоли 56 фоизга ўсади

Қозоғистонда канал ва сув омборлари таъмирга муҳтож. Шунингдек, сув захираларидан автоматлаштирилган шаклда фойдаланиш жорий этилиши керак. Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Алихан Смаилов таъкидлаганидек, 2040 йилга бориб, мамлакатда сув истеъмоли 56 фоизга ўсиши кутиляпти, сув захиралари тақчиллиги эса йилига 12 куб километрга етади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Бош вазир тегишли идораларга қатор топшириқлар берди. Жумладан, сув дипломатияси бўйича аниқ позиция ишлаб чиқилиши,  ҳукуматлараро комиссияларда уни илгари суришни таъминлаш зарур.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли давлат органлари билан бирга суғориш усулига кўра сув етказиб бериш харажатини қоплашга оид дифференцияланган субсидиялар ишлаб чиқиши лозим. Миллий иқтисодиёт вазирлиги Қишлоқ хўжалиги ҳамда Экология вазирликлари билан бирга суғориладиган ер майдонига кўра эмас, ишлатилган оқова сув учун ҳақ тўлашни жорий этиши керак. Бу тадбир сувдан самарали фойдаланиш имконини беради.

Алихан Смаилов  ҳокимликларга сувдан самарали фойдаланиш масаласини алоҳида назоратга олишни топширди.  У сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш ва автоматлаштиришга доир йўл хариталари ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Сув захираларидан фойдаланиш борасида таъмир ишлари ва бошқарувни такомиллаштириш билан шуғулланган каналлар, сув омборлари соҳиблари ўз вазифасини мукаммал бажарган тақдирда давлат ёрдами каби тадбирлар билан рағбатлантирилиши жуда муҳим. Ҳокимликлар сувни кўп талаб қилувчи экинлар майдонини қисқартириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориши керак.  Оқова сув нархини ўзгартириш воситасида сувни эҳтиётлаб сарфлашга йўл очиб бериш зарур.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.