2022 йилда «Астана» халқаро молиявий маркази базасида криптобиржалар иш бошлайди. Аниқроғи, ҳозирча – пилот тартибида. Қозоғистон блокчейн-технологиялари ассоциациясида маълум бўлишича, ушбу майдончалар орқали криптовалюта сотуви ва харидлари ўтказилади. Лойиҳани ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган ишчи гуруҳ жараённинг якуний босқичида. Мутахассислар криптобиржалар фаолияти бўйича қонунчилик меъёрларини, шунингдек, Қозоғистон банклари ва жисмоний шахслар билан ўзаро алоқа усулларини ишлаб чиқмоқда. Айни пайтда, барча операциявий ҳамда ҳуқуқий таваккаллар ҳисобга олиниши зарур. Дарвоқе, агар марказ базасида жаҳон рақамли активлар транзакциясининг атиги 1 фоизи йўлга қўйилса ҳам Қозоғистон ҳар йили бундан 72 миллиард доллар даромад олади.
Биткоин чиқаришдан эса юртимиз 11 ярим миллиард долларга яқин фойда кўриши мумкин. 2022 йилда майнерлар учун электр энергиясига оширилган солиқ кучга киради. Таъкидлаймиз, республика биткоин чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Икки йил мобайнида фермалар сони 50 тага етган. Бироқ анйи пайтда майнерлар электр энергияси етишмовчилигига дуч келмоқда. Бозорнинг йирик ўйинчилари фермаларини ёпиб, бошқа давлатларга кўчиряпти.
Сапар Ахметов, Қозоғистон блокчейн технологиялари ассоциацияси бошқарув раиси:
- Кўриб турибмизки, энергия билан таъминлашда маълум муаммолар мавжуд, аммо ассоциация аъзолари, Энергетика, Рақамли тараққиёт вазирликлари билан бирга ушбу энергетик инқирозни енгиш устида иш олиб боряпмиз. Инвесторлар жалб этилади, уларга қулай шароит яратиш учун энергетика борасидаги қонунчиликка ўзгартириш киритамиз.
Евгений Галиахметов, венчур инвестор (РФ):
- Қозоғистонда юз бераётган нарсалар – бозор, янги бизнеснинг шаклланиш жараёни, бу нимага олиб боришини вақти келганида биламиз.
Хуршида Абдуллаева таржимаси