2035 йилгача 6,5 ГВт қувватга эга ТЭМ ишга тушади

2035 йилгача 6,5 ГВт қувватга эга ТЭМ ишга тушади

Қозоғистонда электр энергияси ишлаб чиқаришда тикланувчи энергия манбалари улуши 9 ой ичида 6 фоизни ташкил қилди. Улар ичида шамол электр станциялари пешқадам. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Жетису вилоятида яна 2 та ТЭМ — гидро ва шамол станцияси қурилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари 2027 йилда якунланади. Бундан ташқари, 2025 йил ёзида Қозоғистон ва Саудия Арабистони ҳамкорликда Жунғор дарвозасида шамол электр станцияси қуришни режалаштирган.

2035 йилгача Қозоғистонда 6,5 ГВт қувватга эга тикланувчи энергетика манбалари ишга тушади. Жорий йил бошида ТЭМлар умумий қуввати 2,5 гигаваттга етгани кузатилди. Бу эса бир йил аввалгидан йигирма фоизга кўп. Деярли ҳаммасини қуёш ва шамол электр станциялари таъминлайди. Казах грин портали берган маълумотга кўра, республикада мазкур йўналишда ишлар суръати ортиб боряпти. Тикланувчи энергия манбаларининг улуши тобора кўпаймоқда. Айни вақтда, бугунги кунда «яшил лойиҳалар» анъанавий станциялар билан тенг рақобат қила бошлагани кузатилмоқда. Бу иншоотларга давлат ёрдами кўрсатилмоқда, шамол электр станциялари ҳамда қуёш батареяларини ўрнатишга кетган харажатнинг 35 фоизи бюджет ҳисобидан қопланмоқда. Қозоғистон халқига Мактубида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, мамлакатнинг энергетика баланси ўзгариши аниқ. Тўрт йилда бир ярим гигаватт қувватга эга объектлар ишга тушади. 2060 йилга бориб эса қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 80 фоиздан ошади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.