Қозоғистон иқтисодиёти пандемияга мослаша олди ва фаол ўса бошлади. Экспертлар таъкидлашича, унинг кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди – жорий йилнинг 11 ойи якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 3,8 фоизга ошди. Ташқи савдо айланмаси январь-октябрь ойларида 82 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса 2020 йил кўрсаткичларидан 14 фоиз юқори. Экспорт ҳам кенгайишда давом этяпти. Унинг ҳажми 23,5 фоизга кўтарилди ва 49 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Қалибек Мағзум, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги макроиқтисодий таҳлил ва прогноз департаменти бошқарма бошлиғи:
- Бизда савдо баланси мустаҳкамланди, жами 14,1 фоизга ортди ва 82,2 миллиард долларга етди. Барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Айниқса қайта ишлаш саноати, электр таъминоти, сув таъминотида ўсиш юқорилигини таъкидлашни истардик. Маълумот алмашиш ва алоқа соҳаларида ҳам ўсиш анча катта. Савдо тикланишда давом этяпти, фаол ўсяпти. Қурилиш соҳасида катта ижобий ўзгаришлар мавжуд.
Реал сектордаги илгарилаш, савдо ривожланиши, 2021 йилдаги юқори инвестициявий фаоллик Қозоғистон иқтисодиёти ўсишини таъминловчи омиллар бўлди. Якунига етаётган йил давомида асосан қурилиш, саноат, қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва савдога кўп миқдорда маблағ йўналтирилди.
Қалибек Мағзум, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги макроиқтисодий таҳлил ва прогноз департаменти бошқарма бошлиғи:
- Инвестициялар кўрсаткичи сўнгги 2 ой давомида ижобий даражага чиқди. Ҳозир ўсиш 2,6 фоизни ташкил қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инвестициялар фақат конларга йўлланмаяпти. Тоғ-кон соҳасини ҳисобламаганда, соҳадаги ўсиш жами 17, 1 фоизга етди. Бу иқтисодиёт юксалишидаги асосий факторлардан бири.
Абдумалик Сарманов таржимаси