Қозоқ хонлиги тарихи шеърий сатрларда. Пойтахтда ёзувчи ва шоира Маржан Ершунинг «Бўпай хоним» поэмаси тақдимоти ўтказилди. Бу асар ўз даврининг энг нуфузли аёлларидан бири, Буюк Дашт бағрида биринчи аёллар мактабини очган инсонга бағишланган. Муаллиф муҳташам сатрлари ёрдамида Абулхайирхоннинг севимли рафиқаси, сафдоши, доно маслаҳатчиси ва таянчи бўлган Бўпай хоним ҳақида ҳикоя қилади. Поэма 7 бобдан иборат, архивдаги Россия Империяси сиёсий раҳбарларига ёзилган хатларга асосланган.
Кўпен Амирбек, сатирик ёзувчи, Қозоғистон Республикасида Хизмат кўрсатган арбоб:
- Биз бу ерга китоб билан яқиндан танишиш мақсадида келдик. Уни тарихий воқеаларга асосланган ажойиб санъат асари, деб ҳисоблаймиз. Архивларда Бўпай хонимнинг мактублари сақланиб қолган. Ана шу маълумотларга таянган ҳолда, тафаккури ва шеърий иқтидоридан фойдаланган муаллиф ажойиб китоб ярата олган.
Асар аввал тилга олинмаган фактлар ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Бўпай Хоним мамлакат ғарбидаги Кен Жилиой деган жойда дунёга келган. Бу маълумот архив манбаларидан олинган, шоира уни ўзининг гўзал мисралари ичига жойлаштирган, мамлакат тарихининг янги бутоқларини очиб берган. Китоб муқовасини инглиз рассоми Жон Кэстль 1736 йилда ўзига қараб чизган Бўпай хоним портрети безаб турибди. У хонимнинг гўзаллигини ҳам, улуғворлигини ҳам акс эттира олган.
Маржан Ершу, шоира, носир, драматург, сатирик, таржимон, филология фанлари номзоди:
- Бу суратга қараб тураркансиз, Бўпай хонимга ёдгорлик ўрнатишни истаб қоласиз. Образини оммалаштириш учун жуда муҳим. Театр ва бошқа постановкаларда ишлатиш керак. Мен Бўпай хоним образини саҳнага олиб чиқишни орзу қиламан. Поэма асосида драма ёзгим келади.
Шоиранинг бош вазифаларидан бири – Россиянинг Оренбург вилоятида дафн этилган Бўпай хоним хокини тарихий ватанига олиб келиш ва Абулхаир хоннинг мозорига дафн этиш. Қачонлардир бу масалани Абиш Кекилбаев кўтарган. Ёзувчи ўз асарларида ҳукмдорнинг рафиқаси ҳақида ёзган. Шу жумладан, «Үркер» ва «Елең-алаң»да ҳам. Мазкур китоб тақдимоти Миллий академик кутубхонанинг Кекилбаев номли залида ўтгани ҳам рамзий мазмунга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси