2024 йилда республика
ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсади. 2026-2028 йилларда эса бу кўрсаткич 6
фоизни ташкил қилади. Миллий иқтисодиёт вазири Сенат йиғилишида
ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозини баён этди. Алибек Қуантиров
таъкидлашича, барча асосий соҳаларда ижобий динамика кузатиляпти. Нохомашё сектори
умумий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши учун барча имкониятлар бор. 2024-2028
йилларда саноат 4 фоизга, қайта ишлаш сектори 5 фоизга ўсиши мўлжалланяпти. Бу
давр ичида нефть қазиб олиш йилига 100 миллион тоннадан ошади. Вазир берган
маълумотга кўра, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизматлар, савдо, транспорт, ахборот
ва алоқа соҳалари ҳам жадал ўсиши кутиляпти.
Алибек Қуантиров,
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:
- Экспорт ҳажми 2024
йилда 83,1 миллиард долларга, 2028 йилда 94,8 миллиард долларга етади. Импорт
ҳажми 60,7 миллиард доллардан 65,6 миллиард долларгача ортади. Давлат раҳбари
ва Парламент депутатлари ташаббуслари Ҳукумат томонидан республика, маҳаллий бюджет
даромад базасини кенгайтириш чоралари ҳисобига рўёбга чиқарилади. Республика бюджети
даромади 2024 йилда 16,1 триллион тенге ёки ЯИМнинг 11,9 фоизини ташкил қилиши
кутиляпти. Ўсиш 2,7 триллион тенгега тенг. 2026 йилгача бу кўрсаткич 18,4 триллион
тенге ёки 14,1 фоизга ортади.
Сенат бюджет лойиҳасини Мажилисга қайтарди
Молия вазири Ерулан Жамаубаев 2024-2026 йилларга мўлжалланган Республика бюджети лойиҳасини сенаторларга тақдим этди. У депутатларга лойиҳа параметрлари қандай шакллантирилгани ҳақида гапирди.
Ерулан Жамаубаев,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири:
- 2024 йилда 20,4 триллион
тенге тушиши прогноз қилинди. Трансфертларни ҳисобга олмаганда, 16,1 триллион
тенге ёки умумий маблағнинг 80 фоизини ташкил этиши кутиляпти. Миллий
жамғармадан 3,6 триллион тенге трансферт қилинади. Умуман олганда, бюджет
харажатлари 2024 йилда жорий йилга нисбатан 1,5 триллион тенгега ортади ва 24 триллион
тенгени ташкил қилади.
Шу билан бирга, минтақаларни
ривожлантириш учун республика бюджетидан 7 триллион тенге, яъни бюджет
харажатларининг 30 фоизи тушиши кўзда тутилган. Унинг салкам 3 триллион тенгеси
реал иқтисодни, шу жумладан, тадбиркорларни рағбатлантириш учун сарфланади. Сенаторлар
Ерулан Жамаубаевнинг чиқишини тинглагач, 2024 йилга мўлжалланган харажатлар
ҳажмини 119 ярим миллиард тенгега кўпайтириш фикрини билдиришди. Депутатлар қонун
лойиҳасини яна бир қанча ўзгаришлар билан Мажилисга қайтаришди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.