Ўтган йили Қозоғистонда 70 дан зиёд кинокартина прокатга
чиқди. Ушбу фильмлар орасида 56 та комедия ҳам бор. Миллий кинони
қўллаб-қувватлаш давлат марказида таъкидланишича, маҳаллий томошабинлар орасида
мазкур жанрга талаб катта. Кичикроқ ҳажмда драмалар, экшн-жангари ва хоррор фильмлар
олинган.
Жангелди Умиралиев, миллий Кинони қўллаб-қувватлаш давлат
маркази матбуот котиби:
– 2023 йил кино соҳаси, бутун киносаноат учун ўта
муваффақиятли йил бўлди. Ҳозирда бизда ҳақиқий кино-шов-шув бўлаётгани сир эмас.
Фильм ишлаб чиқариш йил сайин ўсмоқда. Прокатга чиқарилаётган фильмлар миқдори
ҳам ошиб боряпти.
Жорий йилда эса мамлакатимизда 19 та картина суратга
олиниши режа қилинган. Шунингдек, Қозоғистонда Миллий кинони қўллаб-қувватлаш
давлат маркази кўмагида ишланган 30 та кинокартина прокатга чиқади. Киносаноат
вакиллари айтишича, олинган фильмлар соҳа қанчалик равнақ топаётганини яққол
кўрсатиб беради.
Жангелди Умиралиев, миллий Кинони қўллаб-қувватлаш давлат
маркази матбуот котиби:
– Улар орасида «Жамбил – янги давр», Ахмет Байтурсиновга
бағишланган «Сўнгги ҳукм» каби йирик тарихий драмалар, «Қора қиз» ҳарбий драмаси
бор, шу билан бирга, «А-Студио» қўшиқларига асосланиб яратилган катта мюзикл – «Муҳаббат
аскари» бўлади. Қозоқча рэп тўғрисида «Шулама» картинаси ишланади. Коррупция
ҳақида «Жазо» картинаси суратга олинади, бу кўримли жангари-экшн, бошқа кўплаб картиналар ҳам бўлади.
2023 йилда давлат кўмаги билан суратга олинган саккизта миллий фильм
халқаро кинофестиваллар мукофотини қўлга киритди. Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида «Паралимпиячи»
картинаси энг яхши эркак роли учун тақдирланди. «Бауирина салу» фильми Австралияда
бўлиб ўтган Осиё киномукофоти танлови – «Asia Pacific Screen Awards»да
совриндор бўлди. «Ака-укалар» картинаси XV Тошкент халқаро кинофестивалида «Энг
яхши режиссёр» номинациясини қўлга киритди. Жанубий Кореядаги кинофестивалда
эса «Айқай» фильмининг дунёвий премьераси бўлиб ўтди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.