Қозоғистонда туризм саноати тиклана бошлади. Статистика маълумотлари шундан шоҳидлик беради. Ўтган йили мамлакатда 7 миллион одам таътилга чиққан, бу эса 2020 йилдагидан 35 фоизга, ковидгача бўлган 2019 йилдагидан 5 фоизга кўп, дея маълум қилди Kazakh Tourism миллий компанияси матбуот хизмати. Шу билан бирга, ички йўналишларда алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудларга борган экосайёҳлар рекорд рақамни кўрсатди. Бундай таътилга борган қозоғистонликлар сони бир ярим миллиондан кўпроқни ташкил этган. Курортлар ва бошқа таътил масканлари 109 миллиард тенгелик хизмат кўрсатди, бу эса ковидгача бўлган даврнинг 90 фоизидан зиёд. Хорижлик туристлар сони ҳам ўса бошлади. Мутахассислар маълум қилишича, ўтган йили 330 минг хорижлик сайёҳ келган, бу эса 2020 йилга нисбатан 31 фоизга кўп. Таъкидлаш жоизки, 74 мамлакат билан визасиз тартиб фақат жорий йилда йўлга қўйилди. Чет элдан келувчилар сони 2024 йилда тўлиқ тикланади, дейди экспертлар.
Абдумалик Сарманов таржимаси.